 Фарзанд кўриш ёшидаги 80 фоиз аёллар ҳар ойда, маълум бир вақтда ўзларини ёмон ҳис қила бошлайдилар: баъзи аёллар асаблари таранг, атрофдаги нарса-ҳодисалардан кўнгли тўлмай, жанжалга мойиллашса, баъзилари депрессияга тушиб, кўнгли бўш, йиғлоқи бўлиб қолади.
Кайфият билан боғлиқ бу ҳолат ҳайз олди синдроми бўлиб, аксарият аёллар ва уларнинг турмуш ўроқлари вақтинчалик бу ўзгариш сабабларини тушунмасликлари оқибатида оилавий келишмовчиликлар пайдо бўлади.
Ҳайз олди синдроми жуда мураккаб ҳолат. У нафақат руҳий ўзгаришлар, балки оёқ, бел, қорин ва кўкрак қисмларда оғриқ пайдо бўлиши билан бирга кечади. Ҳолсизлик, уйқучанлик кузатилади. Айрим аёлларнинг юзларига ҳуснбузар тошади. Ширинликка эҳтиёж ортади.
35 ёшдан кейин бу ҳолат аёлларда янада оғир кечади. Тез-тез фарзандли бўлиш, аборт, хусусан, патологик абортлар, юқумли касалликлар, асаб бузилиши ҳайз олди синдромининг ривожланишига сабаб бўлади. Бу синдром мураккаб патологик симптомлар комплекси бўлиб, ҳайз келишидан бир ҳафта, ўн кун ёки бир-икки кун олдин вақти-вақти билан такрорланиб туради. Ҳолат касаллик аломати ҳисобланмай, одатда ҳайз тугагач, ўзгаришлар ҳам йўқола бошлайди.
Мутахассислар бу жараённи эстроген ва прогестерон гормонлар мувозанатининг бузилиши билан изоҳлайди. Руҳий ҳолат, кайфият ва саломатликни бошқарувчи гормонлар бир уйғунликда ишлайди. Ҳайз бошланишидан олдин уларнинг меъёрий фаолияти бузилади. Организмда эстроген гормонининг миқдори ошиб кетса, аёллар жиззаки, ҳатто тажовузкор бўлиб қолишади. Прогестерон улуши ошганда эса, ҳолсизлик кайфият ўзгариши, баъзан тушкунлик ҳолати кузатилади.
Ҳайз олди синдроми аёлларда турлича кечади. Уни шартли равишда қуйидагича фарқлаш мумкин:
Асабий-руҳий тури. Асаблари бузилган аёл йиғлоқи бўлиб қолади. Оддий гапларни ҳам кўтара олмайди. Ўзини гўё ёлғиз, ҳеч кимга кераксиз сезади. Ҳидларга нисбатан сезувчанлиги ошади. Хотираси пасаяди. Қилиб турган ишидан тез чалғиб кетади. Ўзи ҳам тушунмайдиган ички ваҳима пайдо бўлади. Ёш аёллар тушкунликка тушса, ёши катталар тажовузкор бўлиб қолади.
Шишли тури. Сут безлари шишиб, безиллайди. Юз кўпчийди. Болдир, кўл бармоқлари шишади, семиради. Ҳолсизлик пайдо бўлади. Кўп тер ажралади. Цефалгик тури. Мигрень хуружларига ўхшаш бош оғриғи пайдо бўлади. Аёл асабий бўлиб қолади, кўнгли айниб, қайт қила бошлайди. Товушларга, ҳидларга сезгирлиги ортади.
Кризисли тури. Узоқ вақт даволанмай юрганда келиб чиқади. Қон босими кўтарилади, юрак тез уради. Аёл кўп терлайди, ваҳимали ўйлар пайдо бўлади.
Нима қилиш керак? • Юқоридаги аломатларни енгиллаштириш учун синдром белгилари бошланиши билан очиқ ҳавода сайр, жисмоний ҳаракатлар билан фаол шуғулланиш, кўпроқ тенгдошлари, яқинлари даврасида бўлиш тавсия этилади. • Ҳайз келган кунларида пайдо бўлувчи ҳолсизлик ва уйқучанликда кундузи бир соат дам олиш, ёлғиз қолмасликка, чалғишга, кечқурин уйқуга одатдагидан эртароқ ётишга ҳаракат қилиш лозим. • Ҳайздан сўнг аёллардаги руҳий ўзгаришлар пасая бошлайди. Кейинги муаммолар қондаги гемоглобин миқдорининг пасайиши билан боғлиқ. Ҳайз кунларида йўқотилган қон аёлда ҳолсизлик, бош айланишини келтириб чиқаради. Бунинг хавотирли жиҳати йўқ. Ҳатто тиббиётда аёллардаги бу механизм ожиз жинс вакилларининг узоқ умр кўришига сабаб бўлади, деган фикр бор.
Аёлларга маслаҳатлар Ҳайз олди синдроми вақтида аёлларга А, В, Е витаминларига бой таомлар, минерал моддалар – калий, магний, руҳ, марганец (мева ва сабзавотларда кўп), калийга бой маҳсулотлар (кишмиш, баргак), клетчаткага бой маҳсулотлар тавсия этилади. Ҳайз кунлари бошланишидан 5 кун олдин камроқ суюқлик ичинг. Шўр овқатларни камроқ енг. Чунки туз организмда суюқликни кўп тутиб туради ва ҳайз олди синдромига туртки бўлади. Суюқлик қовоқларни салқитади, мия тиқилмаларида йиғилиб, бош оғришига сабаб бўлади. Кайфият бузилиб, юрак сиқилганда валериана препаратларидан бирортасини ичиш керак. Ҳайз олди синдроми ҳайз кунлари тугагач ҳам давом этса, гинеколог кўриги зарур.
Ҳайз кунлари яқинлашаётган аёлни оғир ишлардан четлатиш, фойдали озиқ-овқатлар билан таъминлаш, жиззаки бўлиб қолган аёлга босиқлик билан жавоб қайтариш лозимлигини ҳар бир оила бошлиғи билмоғи лозим.
Мавзуга доир латифа
Аёл шифокордан сўради: - Доктор, ҳайз олди синдромидан ойлаб жиззаки юриш мумкинми? Шифокор: - Бу синдром эмас, характер дейилади. :)
Manba: www.SheJoT.CoM - Saytdan olindi!
|