 "Ўзбеккино” Миллий агентлиги томонидан 1,6 миллиард сўм маблағ ажратилган ёш ва истеъдодли режиссёр Акбар Бектурдиевнинг "Ойқиз эртаги” фильмининг суратга олиш ишлари якунланиб, айни дамда монтаж жараёнида. Бугун барчани қизиқтирган мазкур фильм ҳақида батафсил маълумот олиш мақсадида Акбар Бектурдиев билан боғландик.
—Маълумотларга кўра суратга олаётган фильмингизга 1,6 млрд сўм маблағ ажратилган экан. Бу маблағ нималарга сарф қилинди?
—Ҳар бир актёрнинг либосларига катта маблағ кетди, 10 га яқин декорациялар қурилди. Компьютер графикалари яратилди. Хиванинг ўзида 50-60 актёрларни бир ой ётиб туриши, овақтланиши таъминланди.
— Ҳорижий фильмларнинг номиёқ эътиборни тортади. Мазкур фильмнинг номи "Ойқиз эртаги” уни болаларга бағишланганга ўхшаб қолган. Жиддийроқ ном ўйлаб топиш мақсадга мувофиқмасмиди?
—Фильмнинг бошидан то оҳиригача эртак айтиб берадиган бош қаҳрамоннинг исми Ойқиз бўлганлиги боис шу номни бердик. Фильмнинг иккинчи номи "Чўл маликаси” эди. Рус тилига таржима қилинганида "Принцесса Пустини” деб таржима қилинишини ҳам ўйлаб шу номда тўхтадим.
—Хивада суратга олиш жараёни неча кун давом этди?
—Хиванинг Ичан Қалъасида 25 кун, қолган саҳналари эса ёзнинг энг жазирама кунларида чўлда суратга олдик.
—Фильмда мураккаб жанг саҳналарини кўрдик, мазкур саҳналарни каскадёрлар ижро қилишдими?
—Алоҳида каскадёр гуруҳимиз ҳам бор эди. Аммо Йигитали Мамажонов ўзининг жанг саҳналарини ўзи каскадёрсиз бажарди. Юлдуз Ражабовага ҳам қойил қолиш керак, у анча жонбозлик кўрсатди. Актёрларимиз кино суратга олиш ишлари бошланишидан аввал отда саҳна кўринишлари, қилич билан жанг саҳналарини машқ қилган эди.
—Тарихий либослар учун жуда кўп маблағ сарфланди дедингиз, улар ҳар бир актёр учун алоҳида тикилдими?
—Ҳар бир актёрнинг кийимлари ва қуроллари алоҳида тайёрланди.
—Фильм олиш жараёнида энг кўп муаммо нимада бўлди?
—Бир кунда 3 та эпизод олиш керак бўлди. "Ўзбеккино”нинг фильмни суратга олишга белгилаб берилган муддати тугаши керак бўлди. Бу фильмда жанг саҳналари, қилич саҳналари бўлганлиги сабабли бир кунда белгиланган режада 3 та эпизод олишимиз керак бўлса, биз битта ҳам ололмаган вақтимиз бўлди. Бир кунда яримта эпизод олишимизга тўғри келгани учун вақтимиз кўп кетиб қолди.
—Фильм қанчалик кассабоп бўлиши мумкин деб ўйлаяпсиз?
—Мазкур фильм "Ўзбеккино” миллий агентлигининг буюртмасига биноан суратга олинаётганлиги сабабли премьера вақтини ҳам, у билан боғлиқ бошқа масалаларини ҳам улар белгилайди. Мен фильмни фақатгина томошабинлар учун суратга олдим. Қанча кўп томошабинлар кўрса мен учун шунча яхши.
—Фильмнинг монтаж жараёнига қанча вақт кетди?
—Жараён аслида 2014 йил июнь ойларида бошланган, аммо айрим муаммолар сабабли бу жараён анча вақт тўхтаб турди.
—Актёрларни қайси жиҳатларига қараб танлаб олдинггиз?
—Фильмдаги барча актёрлар синовлардан сўнг танлаб олинди.
—Синовдан ўта олмаган актёрлар ҳам бўлдими?
—Ҳа албатта, синовдан айрим жуда машҳур актрисалар ҳам ўта олмади. Танловимизни Юлдуз Ражабовада тўхтатдик.
—Қайси актрисалар синовда қатнашди?
—Бу ҳақда тўхталишни истамайман.
Manba: www.SheJoT.CoM - Saytdan olindi!
|