 Ҳар бир актёрнинг ўз дастхати бўлгани каби, актёр Бахшилло Фатуллаевнинг характерли роллари ҳам, бошқа актёрлариникидан ўзига хослиги билан ажралиб туради. Унинг "Кўзёшим”, "Севади, севмайди”, "Истанбуллик миллиардер”, "Эгизак ошиқлар”, "Фарҳод ва Ширин ёхуд Телба муҳаббат”, "Ота рози” каби фильмлардаги роллари бир қарашдаёқ ажралиб, томошабин эътиборини тортади. Чунки, актёр роль танлаганда, ўша ролнинг томошабинга ўз айтар сўзи бўлишини истайди.
"Юраклар жанги”, "Ишқ ўйинлари”, "Қўрқма юрак” каби сериаллардаги ролларида эса, юрагидаги дардни томошабин ҳам ҳис қилади. Шунинг учун ҳам, актёрнинг ҳар бир роли томошабин кўнглига яқин бўлади.
Ўз ижодини бироз кечроқ яъни, 2012 йилдан бошлаган Бахшилло Фатуллаев ўтган вақт ичида, бир қатор фильмлар, сериаллар ва клипларда ҳар хил талқиндаги ролларни ижро қилиб, нафақат ўзбек халқи, балки қўшни давлатлардаги томошабинлар ҳам меҳрини қозонишга улгурган. Ҳаётда таваккалчи бўлган инсон бўлган бу актёр, ижоддан ташқари ўз бизнесига эга тадбиркор ҳамдир. Таваккалчилиги шу даражадаки, ҳали кино оламига кириб келмай туриб, бизнес билан шуғулланган вақтида, Россияга бориб, бир маротаба жуда кўп юкини олдириб қўйганлигига қарамай, яна катта миқдорда қарз олиб, ўша юкни олиб ўтган. Бундан ҳаттоки, текширувчи ходимлар ҳам ҳайрон қолишган. "Ўшада менда қўрқув деган ҳиснинг ўзи йўқ эди” деб, эслайди актёр.

У тадбиркорликда давом этиб, Россияда қолиб кетиши ҳам мумкин эди. Чунки, Тошкент Давлат Театр ва рассомчилик институти, яъни, ҳозирги Тошкент Давлат Санъат ва маданият институтини битирганига қарамай, тадбиркорлик соҳасида кетган эди. Аммо, ота васияти уни, ўз касбига қайтарди. Дастлаб, ҳаммасини бошидан бошлаш актёр учун жуда қийин кечди. Чунки, ёш тарафлама у бош қаҳрамонлар ролини ижро қила олмасди. Аммо, актёр характерли ролларни ижро қилиб, томошабинлар меҳрини қозонди. Ҳеч бир ролни катта ёки, кичик демай, фақатгина "юки” борлигига эътибор қаратди. Кичик роллар бўлмайди, ҳаттоки жуда кичик ролни ҳам маҳорат билан ижро қилиб, ёдда қолиш мумкин. Актёр Бахшилло Фатуллаев эса, ана шунга амал қилади. Ўзига берилган ҳар битта ролни ўзиники қилиб олишга, ўша образда яшашга ва ўша ролни томошабинга чин дилдан етказиб беришга ҳаракат қилади. Унинг муваффақият сири ҳам шунда.
Ҳозирда актёр бир неча янги фильмлар ва янги сериалда суратга тушмоқда. Manba: www.SheJoT.CoM - Saytdan olindi!
|