 Сир эмаски, баҳор фаслида иммунитет сусайиб, сурункали касалликлар сезиларли даражада авж олади. Хўш, кўкламда қандай ҳасталиклардан эҳтиёт бўлишимиз лозим?
Сурункали қон босими
САБАБЛАР: Сурункали гипертония баҳорги об-ҳаво ўзгаришлари таъсирида ва бемор иммунитетининг пасайиши туфайли зўрайиб кетиши мумкин. Шунингдек, кўкламда қон томир деворлари ҳужайраларининг янгиланиши натижасида гипертония хасталиги авж олади.
ТАВСИЯЛАР: Қон томирларининг мустаҳкамланишида иштирок этувчи Е витамини ва тана ҳужайраларининг тикланишига кўмаклашувчи А витаминига бой егуликларни истеъмол қилинг. Бу дармондорилар сабзи, писта, бошоқли ўсимликлар, сули ёрмаси таркибида кўп миқдорда учрайди. Шунингдек, мойчечак ва денгиз тузи солинган илиқ ванналар ҳам яхши фойда беради. Бироқ бундай ванналарни 30 дақиқадан ортиқ вақт мобайнида қўллаш тавсия этилмайди. Дардни енгиллатишда нафас олиш гимнастикаси ҳам самарали таъсир кўрсатади. Тўғри ва давомий бажарилган машқлар нафақат қон томирларнинг кенгайиши, балки юрак фаолиятининг яхшиланишига ҳам ёрдам беради. Шунингдек, суюқлик ва туз истеъмолини чегараласангиз, томирларни ортиқча зўриқишдан ҳимоялаган бўласиз.
Ошқозон яраси
САБАБЛАР: Қиш давомида шамоллаш ва бошқа ҳасталикларни кимёвий дори-дармонлар билан даволашимиз натижасида ошқозон-ичак тизими заифлашиб қолади. Қишки овқатланиш тартибидан баҳорги таомномага ўтишимиз ҳам сурункали ошқозон яраси касалликларининг бош кўтаришига туртки бўлади. Қорин оч қолганда ва кўкрак остида пайдо бўладиган оғриқлар, чанқоқ, ич кетиши ошқозон яраси хасталикларининг асосий белгилари ҳисобланади.
ТАВСИЯЛАР: Ошқозон яраси ҳасталиги хуруж қилмасдан, унинг олдини олган маъқул. Бунинг учун кунига беш-олти маҳал, оз-оздан егуликлар тановул қилинг. Таомномангиз рўйхатидан ёғли, аччиқ, тузланган, нордон, қовурилган таомлар, спиртли ва газланган ичимликларни ўчириб ташласангиз, ҳасталикнинг баҳорги «ҳужум»и сизни четлаб ўтади.
Бронхиал астма
САБАБЛАР: Об-ҳаво ўзгариши натижасида, яъни нам ҳаво таъсиридан қуруқ ҳавога ўтганда нафас йўли ҳасталиклари бўй кўрсата бошлайди. Нафас олиш аъзолари юрак, ўпка ва мияни кислород билан таъминлаб турргани сабабли бронхиал астма хуружи вақтида организмда кислород етишмаслиги кузатилади. Демак, нафас йўллари ҳасталикларининг кучайиб кетиши бутун организмга салбий таъсир ўтказади.[ www.BePuL.NeT -Saytdan olindi]
ТАВСИЯЛАР: Энг аввало, тоза ҳавода нафас олишга ҳаракат қилиш лозим. Дам олиш кунларини табиат қўйнида, яшил ўсимликларга бой ҳудудларда ўтказишга ҳаракат қилинг.
Аллергик ҳасталиклар
САБАБЛАР: Ер юзидаги ҳар ўн кишидан бири аллергиядан азият чекади. Айниқса, баҳор ва куз мавсумида бу ҳасталик авж олади. Баҳорда табиат уйғонгач, дарахтлар ва ўсимликларнинг гуллари ҳамда ҳавога кўтарилган чанг аллергик ҳасталикларнинг асосий қўзғатувчиси ҳисобланади.
ТАВСИЯЛАР: Бу вазиятда энг аввало, аллергия қўзғатувчисини аниқлаб олиш лозим. Шундагина айнан нимадан химояланиш кераклигини билиб оласиз. Имкон қадар буюмларингизни чангдан тозалашга ҳаракат қилинг. Кун давомида бир неча марта ювининг, агар баданингиз ва сочингиз нам бўлса, қўзғатувчининг нафас йўлларига ўтиши қийинлашади. ҳеч бўлмаганда, юзингизни тез-тез ювиб туринг. Сайр қилиш учун ёмғирдан кейин отлансангиз, аллергияга мубтало бўлиш хавфи камаяди. Шунингдек, ўткир ҳидли атирлар, крем ва бошқа воситалардан фойдаланишда эҳтиёт бўлинг. Кўраётган чораларингизга қарамай, ҳасталик оғирлашиб бораётган бўлса, шифокорга мурожаат қилинг.
Цистит
САБАБЛАРИ: Кунлар бирозгина илиши билан аёллар юпин кийина бошлайди. Об-ҳаводаги бундай номўтадилликлар ва хонимларнинг гўзал кўринишга уринишлари натижасида сийдик йўллари шамоллаб, сурункали цистит ҳасталиги ўзини кўрсатишни бошлайди.
ТАВСИЯЛАР: Сурункали цистит хасталигини даволашга жиддий кириши лозим. ҳасталикнинг олдини олиш учун фаол ҳаёт кечиринг, имкон қадар кўпроқ ҳаракатда бўлишга интилинг. Таомномангиздан аччиқ, шўр, дудланган маҳсулотларни чиқариб ташланг. Кўпроқ суюқлик ичиб, ҳар 2-3 соатда қовуғингизни бўшатиб туринг. Шахсий гигиена қоидаларига амал қилишни канда қилманг. Цистит ҳасталигига чалинганларга пахтадан тайёрланган юмшоқ ички кийимлардан фойдаланишни тавсия этилади.
Саҳифани олий тоифали шифокор
Дилором Омонтурдиева
тавсиялари асосида
Саодат ОЧИЛОВА тайёрлади.
Manba: www.SheJoT.CoM - Saytdan olindi!
|