Канадада маҳаллий халқларнинг ассимиляцияси учун яратилган собиқ мактаб-интернат ҳудудида 215 боланинг жасади бўлган оммавий қабр топилган.
Британия Колумбиясидаги Камлупс шаҳрида оммавий қабр топилганлиги тўғрисида пайшанба куни ўзини «Бирлашган халқ» (Tk’emlups te Secwepemc) деб номлаган жамият эълон қилди.
Уларнинг сўзларига кўра, қолдиқлар 40 йилдан кўпроқ олдин ёпилган мактаб-интернат тарбияланувчиларига тегишли.
«Бирлашган халқ» жамияти ҳозирда болалар қачон ва нима сабабдан вафот этганини аниқлаш учун музей мутахассислари ва тергов идораси билан ишламоқда.
Камлупсдаги мазкур жамоа раҳбари Розанна Казимирнинг айтишича, дафн ишлари мактаб маъмурияти томонидан ҳеч қачон ҳужжатлаштирилмаган.
Канада Бош вазири Жастин Трюдо Британия Колумбиясидаги бу топилмани «мамлакат тарихидаги шармандали бобнинг оғриқли эслатмаси» деб атаган.
ХIХ ва ХХ асрларда Канадада интернат мактаблари фаолият кўрсатган, у ерда тубжой аҳолисининг болалари мажбурий ассимиляция мақсадида жойлаштирилган.
1890 йилда ташкил этилган ва дастлаб Рим-католик черкови томонидан бошқарилган Камлупс мактаб-интернати мамлакатдаги энг йирик мактаблардан бири бўлиб, 1978 йилгача фаолият юритган. Ўтган асрнинг 50-йилларида унинг ўқувчилари сони 500 кишига етган.
Топилган қолдиқлар ҳақида
Жамият вакилларининг таъкидлашича, болалар қолдиқлари георадар ёрдамида болалар уйи ҳудудини ўрганиш пайтида топилган.
«Бизнинг маълумотимизга кўра, бу болаларнинг ўлими ҳақида ҳужжатлар йўқ. Уларнинг баъзилари уч ёшдан ҳам ошмаган эди», – дейди Розанна Казимир.
Жамият мактабда ўқиган болаларнинг қариндошларига мурожаат қилиб, дастлабки хулосаларни июн ўрталарига қадар тақдим этишни режалаштирган.
Британия Колумбиясининг бош терговчиси Лиза Лаппойнт Канаданинг CВC телеканали билан суҳбатда тергов маълумотларини йиғиш жараёнининг дастлабки босқичида эканлигини айтган.
Камлупсда болаларнинг оммавий қабри топилганлиги ҳақидаги хабар Канадани даҳшатга солди.
Жастин Трюдо твиттерда «бу унинг қалбини эзгани» ҳақида ёзган.
Тубжой халқлари билан ишлаш бўйича вазир Кэролайн Беннетт бу каби мактаб-интернатлар «шармандали мустамлакачилик сиёсатининг» бир қисми эканлигини айтиб, ҳукумат томонидан «бегуноҳ қалблар хотирасини абадийлаштиришга» ваъда берган.
1863 йилдан 1998 йилгача 150 мингдан ортиқ ўз оилаларидан тортиб олинган болалар маҳаллий халқлар учун мактаб-интернатларида бўлган.
Мактаб-интернатлар тарбияланувчиларига кўпинча ўз она тилларида гаплашиш ва миллий урф-одатларга риоя қилиш тақиқланган. Кўпинча ушбу мактабларда болалар ёмон муомалада ва шафқатсиз муносабатда бўлишган.
2008 йилда тузилган Ҳақиқат ва ярашиш бўйича махсус комиссия маҳаллий муассасалардан ўтган кўплаб болалар ҳеч қачон ўз уйларига қайтмаганлигини аниқлаган.
Комиссиянинг 2015 йилда эълон қилинган ҳисоботида бундай сиёсат маданий геноцид деб номланган. 2008 йилда Канада ҳукумати ушбу тизим учун расман кечирим сўраган.