 Шов-шувли тайинлов: Британия мусулмонларини илк бор аёл киши бошқаради – Зара Муҳаммад мамлакатдаги биринчи муслима пешвога айланди. У Британия Мусулмонлар Кенгашининг янги Бош котиби этиб сайланди.
Британия Мусулмонлар Кенгаши мамлакатдаги энг йирик исломий ташкилот бўлади.
Зара Муҳаммад Кенгаш Бош котиблигига сайловда кўпчилик овоз билан ютиб чиққан, бу каби мақом ўзи учун "шараф” эканини айтган.
У энди Британия Мусулмонлар Кенгашига тўлиқ тўрт йил Бош котиблик қилган Хорун Хоннинг ўрнини эгаллайди. Зара Муҳаммад бор-йўғи 29 ёшда. Шотландиянинг Глазгосидан. У Бош котибликни қўлга киритиши янада кўплаб хотин-қиз ва ёшларни руҳлантиришига умид қилмоқда.
Заранинг айтишича, "қўлларидан ошиғи билан келса-да, аёллар раҳбарлик ролларига унчалик ҳам интилишмайди, буни ўзларига эп билишмайди”. "Ёшлар, янада кўпроқ хотин-қизларни жалб қилиш, ташкилотимиз фаолияти ва қилаётган ишимиз асосларини турфалаштириш жуда муҳим”, – дейди у. Зара Муҳаммаднинг сайловдаги ютуғи ортидан, Лондон ҳокими Содиқ Хон ҳам твит қилиб, унинг Бош котибликка тайинланиши "ажойиб” бўлганини айтган. "Зара Муҳаммадга муваффақиятлар тилайман – у ушбу ташкилотни бутун мамлакат бўйлаб жамоаларимиз фаровонлиги йўлида янада юқори чўққиларга кўтаришда давом этсин”, – дея тилак билдирган. Зара Инсон ҳуқуқлари соҳасида магистр дипломига эга, таълим ва тараққиёт бўйича маслаҳатчи бўлади. У Британия мусулмонларининг умумий манфаатларидан келиб чиққан ҳолда, "ҳақиқатан ҳам кенг қамровли, турфа ва вакиллик органи”ни яратишда давом этишини айтган. Зара Муҳаммад бунгача Британия Мусулмонлар Кенгаши Бош котиби муовини бўлиб ишлаб келган.
Британия ва мусулмонлар
Ислом Буюк Британияда иккинчи йирик дин ҳисобланади. Британия Германия ва Франциядан кейин Европанинг энг катта сондаги мусулмонлар истиқомат қилувчи учинчи давлати бўлади. Расмий ҳисоб-китобларда ҳозир Британиядаги мусулмонларнинг сони уч миллионга яқин экани айтилади. Бу мусулмонларнинг энг катта фоизи Англияда яшашса, улардан катта қисми айнан Лондоннинг ҳиссасига тўғри келади. Британияда мазҳаби ва оқимига қараб фарқланса-да, мусулмонларнинг ўнлаб кенгаш, уюшма, жамият ва форумлари амал қилади.
Мусулмонлар мамлакат сиёсатида ўз ўрнига эга, британ парламентида улар сонининг йил сайин ортиб бораётгани кузатилади. Дейлик, 2017 йилги сайловларда уларнинг сони рекорд даражага етган, 15 нафар мусулмон британ парламентига киришга муваффақ бўлган ва бу маҳаллий матбуотда анчагина шов-шувга ҳам сабаб бўлганди.
Лондоннинг ҳозир амалда бўлган ҳокими Содиқ Хон бу лавозимни эгаллаган биринчи мусулмон сиёсатчиси сифатида Британия тарихига кирган. Содиқ Хон жорий пайтда Ғарбдаги таниқли мусулмон сиёсатчиларидан бири сифатида ҳам эътироф этилади. Британияда мусулмонлар учун қатор исломий каналлар фаолият юритса, амалда бўлган масжидларнинг сони қарийб икки мингга етади. Мусулмонлар учун муқаддас саналувчи Рамазон ойи ҳам Британияда алоҳида эътибор топади, Бош вазирдан тортиб, барча йирик партиялар лидерлари мусулмонларга хосан табрик билан чиқишади. Биргина пойтахт Лондоннинг ўзида ўнлаб ҳалол ресторанлар, емакхоналар ва дўконлар фаолият юритади.
Аммо Британия ва Франция пойтахтлари ўтган бир неча йил ичида саҳна бўлган қатор террорчилик ҳужумлари бу ерда ҳам Исломдан қўрқиш кайфиятини кучайтирмай қўймаган. Ҳатто расмий рақамлар ҳам охирги пайтларда Британияда мусулмонларга қарши диний нафрат заминидаги турли жиноятлар сони кескин ортганига далолат қилган. Ўзаро ишончни қайта тиклаш, эътиқодлараро мулоқотларни мустаҳкам тутиш учун масжидлар озмунча заҳмат чекишмаган, устма-уст "очиқ кунлар” ўтказишганди. Лондон ва ўзбекистонликлар
Жорий пайтда Британия пойтахтида турли иш, юмуш ва таҳсилда банд ўзбекистонликларнинг сони бир неча юз экани айтилади. Сўнгги йилларда Лондоннинг айрим мавзеъларида ўзбекистонлик ўнлаб оилалар яшовчи ўзбек маҳаллалари ҳам пайдо бўлган. Бу ердаги ўзбекистонликларнинг аксарияти Британияда доимий яшаш ҳуқуқига эга, молия, банк ва ҳуқуқ соҳасида ишлашади.
Бу тоифа ўзбекистонликлардан кейин Лондонда бўлган энг катта сондаги ўзбекистонликларни талабалар ташкил қилишади. Лондондаги ўзбекистонликлар орасида талабалик визаси билан келиб, кейин шу ерда қолишга муваффақ бўлган, нисбатан оз сонда эса-да, яна ўзининг бизнесини юритаётган ёки турли бошқа юмушларда бандлари ҳам бор. Manba: www.SheJoT.CoM - Saytdan olindi!
|