 Ҳаммаси ўз қўлимизда!
Цистит хуруж қилганида бемор жуда қийналади. Тез-тез ҳожатхонага югуриш, қаттиқ оғриқ, тана ҳароратининг кўтарилиши… Агар хуруж йилига икки маротабадан кўп содир бўлса, бу турмуш тарзимизга салбий таъсир кўрсатиб, жинсий ҳаётимизни издан чиқаради. Шуни ҳам айтиш керакки, хуруж тез-тез рўй беришига аёлларнинг ўзлари сабабчидирлар. Соғликка бепарволик ва дарднинг илк белгиларини эътиборсиз қолдириш, вақтида шифокорга учрамаслик ҳамда ўзбошимчалик билан даволаниш салбий оқибатларга келади. Зеро, цистит алоҳида ёндашувни талаб қиладиган хасталик!
Хасталик қандай пайдо бўлади?
Ҳар қандай хасталик сингари циститни ҳам даволашдан кўра, олдини олган осонроқ. Бир жиҳатдан олиб қараганда, касалликнинг юзага келиш механизми жуда оддий: ичакларда мавжуд бактерия (биринчи навбатда, ичак таёқчалари)лар баъзан сийдик йўли орқали қовуққа тушиб қолади. Аммо улар қовуқ деворларига ёпиша олмайди. Шунинг учун яллиғланиш рўй бермайди. Иммун тизими ишлаб чиқараётган антителолар ушбу бактерияларни ўлдиради, шунингдек, улар пешоб билан ювилиб кетади. Агар бу ҳол рўй бермай, яллиғланиш бошланиб кетса, билингки, тананинг ҳимоя тизими бузилган. Мазкур ҳолат бутун организм, хусусан, қовуқ шиллиқ қаватининг иммунитети сусайганидан далолат беради. Агар цистит тез-тез хуруж қилиб турса, аввало, иммунитетни мустаҳкамлаш чораларини кўриш керак.[ www.BePuL.NeT -Saytdan olindi]
Иммунитетни кучайтиринг!
Бунинг учун спорт билан шуғулланиш керак. Даволовчи шифокорингиз билан маслаҳатлашиб, ўзингизга мос жисмоний машғулотлар дастурини ишлаб чиқинг.
Суткасига камида 8 соат баҳаво хонада ухлашга одатланинг.
Тўғри овқатланинг, кунига камида 400 гр. сабзавот ва мевалар истеъмол қилинг.
Кўпроқ суюқлик ичинг.
Уролог шифокор билан бамаслаҳат иммунитетни мустаҳкамловчи препаратлар қабул қилинг. Улар организмнинг иммун тизимини фаоллаштириб, вакцина каби таъсир кўрсатади.
Ўзбилармонлик билан даволаниб бўлмайди!
Цистит такрорланмаслиги учун энг муҳим чора — бу дарҳол мутахассисга мурожаат қилиш, тиббий текширувлардан ўтиш ва шифокор кўрсатмаларига тўлиқ амал қилишдир. Илк белгилар (тез-тез оғриқли сийдик ажралиши)ни эътиборсиз қолдирманг. Халқ табобати воситалари – турли гиёҳларнинг шифобахш таъсирига ортиқча ишонч билан қараб бўлмайди. Унутманг, улар шунчаки ёрдамчи восита, холос. Ўзбошимчалик билан нотўғри фойдаланганда эса салбий таъсир кўрсатиши мумкин.
Шу дард билан оғриб, шифо топган дугоналарнинг маслаҳатидан фойдаланманг. Ҳатто улар шу йўл билан шифо топган бўлсалар-да, касаллик ҳар сафар, ҳар бир организмда турлича намоён бўлади. Шу сабабли аввал яхшилаб текшириб, вазиятга мос даво чораларини ишлаб чиқиш лозим. Устига-устак, цистит белгилари ортида бошқа қўрқинчлироқ дард, масалан, қовуқ саратони ёки буйрак-тош касаллиги яширин бўлиши ҳам мумкин.
ШАҲИНА тайёрлади.
Manba: www.SheJoT.CoM - Saytdan olindi!
|