 «Бола ўз исми билан туғилибди», дея нори, ҳоли ёки ортиғи бўлган чақалоқларни Зиёда, Ҳолмурод, Нортой дея аташади. Бу каби ҳолатларга ҳаётимизда тез-тез дуч келамиз. Хўш, чақалоқларнинг айрим белгилар билан туғилишига нима сабаб бўлади? Улар хавфли эмасми, насл сурадими, даволаш мумкинми? Шу каби саволларга батафсил жавоб олиш мақсадида Тошкент Педиатрия тиббиёт институти тиббий генетика кафедраси ассистенти, олий тоифали шифокор-генетик Муҳамадджон БОИСОВга юзландик.
Ҳол нима ўзи?
Ҳол терида пигментлар тўпланиши ва терига ранг-тус берувчи меланин моддасининг йиғилиб қолиши натижасида ҳосил бўлади. Ҳоллар келиб чиқишига кўра фарқланиб, терининг хавфсиз ўсимтаси ва терининг туғма ривожланиш нуқсони каби турларга ажратилади. Янги туғилган чақалоқда бирор-бир доғ ёки ҳол бўлмайди. Туғма ҳоллар бундан мустасно, албатта. Вақт ўтиши билан катта-кичик ҳоллар пайдо бўла бошлайди. 10 ёшдан катта болаларда эса бир нечта ҳолларни учратиш мумкин.
Юз, бўйин ва қўлдаги доғлар
Баъзида «Боламнинг терисида доғ бор», деган гаплар қулоққа чалинади. Доғлар ҳам ҳол каби теридаги пигмент ўзгаришлар натижаси. Улар ўлчамига кўра фарқланиши, ва баъзан, бирор касаллик белгиси бўлиши ҳам мумкин. Одатда, сут қўшилган қаҳва тусидаги доғлар юз, бўйин, курак соҳаларида кузатилиб, бир неча кичик нуқтадан бир қанча сантиметргача катталикда бўлади. Агар бола терисидаги доғ катталашиб, кўпайишни бошласа, шифокорга учранг. Чунки юқорида таъкидлаганимиздек, улар қайсидир хасталикдан дарак. Масалан, нейрофибраматоз касаллиги (ирсий хасталик) сабаб бола терисида оч жигарранг доғ пайдо бўлиб, катталашишни бошлайди.
Қизил нор
Қон томирларида ҳосил бўладиган хавфсиз ўсмалар нор дейилиб, улар қон томирларининг кенгайиши эвазига юзага келади. Норнинг кўриниши ва турлари жуда кўп. Турлари тананинг қайси соҳасида жойлашганига кўра тафовут қилинади. Ҳажми бир неча миллимертдан бир неча сантимертларгача бўлиши мумкин.
Норнинг ранги ва тузилишига қараб уларнинг хавфлилик даражаси ҳақидаги фаразлар нотўғри. Масалан, туғма нор бола саломатлигига салбий таъсир кўрсатмайди. Бироқ айрим турдаги касалликларда норнинг юзага келиши бола соғлиги учун жиддий асоратларга сабаб бўлиши мумкин.
Кўкимтирлик ҳам доғми?
Баъзида янги туғилган чақалоқнинг курак соҳаси териси кўкимтир рангда бўлади. Айримлар фикрича, бу ҳам туғма доғ. Бироқ чақалоқдаги кўкимтирлик туғруқ жараёнлари, ҳомилада қон айланишининг бузилиши ёки гипоксия асоратида юзага келади. Одатда, бу турдаги доғлар аста-секин тарқаб, тери кўриниши ўз ҳолига қайтади.
Хаста эмасмикан?
Доғ ёки норга касаллик белгиси дея қараш учун унинг тузилиши, тананинг қайси соҳасида жойлашганлиги ва ривожланиш ҳолатига эътибор бериш лозим. Масалан, Штругавебера синдромида қон томирларининг торайиб қолиши ёки қон томирларида тиқинлар ҳосил бўлиши натижасида тананинг маълум бир қисмларида катта норлар кузатилади. Ёки доғлар тери нерв учларида юзага келишини ҳисобга олсак, ҳаёт сифати учун аҳамиятли бўлган аъзоларнинг сиқилиб қолишига сабаб бўлиши мумкин. Бундай ҳолатда ота-оналар бола танасидаги доғ ёки норни кузатиб бориб, кўпайиши ёки бошқа тана аъзосига тарқамаётганини назорат қилишлари даркор. Тизза орқаси, билак соҳаси, чов оралиғи, бўйин ва юздаги нор ёки доғлар нисбатан кўпроқ учрайди ҳамда тахминий асоратлари ҳисобига эътибор талаб қилади.
Сабаблар
Бола терисида ҳол, доғ ёки нор юзага келишининг аниқ бир сабаби мавжуд эмас. Зеро ушбу ҳодисанинг дастлабки омили ирсият билан боғлиқ бўлса, кейинги ўринларда ташқи муҳит таъсири, бола организмида моддалар алмашинувининг бузилиши, биокимёвий жараёнларнинг ўзгариши каби сабаблар кўрсатилади. Шу билан бирга, маълум турдаги касалликлар белгиси сифатида терида нор ёки доғ пайдо бўлиши мумкин.
Даволаш чораси бор(ми)?
Агар болангиз терисида туғма ҳол, доғ ёки нори бўлса ва кейинчалик катталашишни ёки сон жиҳатдан кўпайишни бошласа, албатта, мутахассисга учрашинг. Билиб-билмай ўзингизча даволашга уринманг! Зеро доғ ёки нор устига турли суртмалар суртиш, малҳам боғлаш ёки тиғ текказиш асло мумкин эмас! Ҳатто, бу каби ўзгаришларни жарроҳлик йўли билан бартараф этиш учун ҳам шифокор кўрсатмаси ва жиддий текширувлар талаб этилади. Шунингдек, нор ёки ҳоли бўлган болаларга қуёш нури, витаминли дори-дармонлар ҳам тавсия этилмайди. Акс ҳолатларда доғ ва норлар катталашиши мумкин.
«Бармоқлари олтита»
Ушбу савол кўпчиликни қизиқтириши табиий. Ҳозирда ортиқча бармоқлар ёки бир-бирига ёпишиб қолганлари, юз-жағдаги кемтиклар жарроҳлик амалиёти билан самарали даволанилаяпти. Шундай бўлса-да, ортиқ ёки кемтик билан чақалоқ дунёга келса, «Ота-онасида ҳам бормиди?» дейилади. Тиббиётда "кичик ривожланиш нуқсонлари” деб юритиладиган ушбу ҳодиса ҳамиша ҳам ирсиятга боғлиқ бўлавермайди. Хусусан ҳомила юзага келиши ва ривожланиш босқичларида бирор-бир ўзгариш содир бўлганда, хромосом ва ген касалликларида кичик ривожланиш нуқсонлари кузатилиши мумкин. Қолаверса, ҳомиладорлик даврида вирусли касалликларга чалиниш, билиб-билмай турли дори препаратларини қабул қилиш, ота-онанинг зарарли одатлари, носоғлом турмуш тарзи ҳам бу каби нуқсонларни келтириб чиқариши эҳтимолдан холи эмас.[ www.BePuL.NeT -Saytdan olindi]
Жарроҳлик аралашуви шарт(ми)?
Боланинг қўл-оёғидаги ортиқлар ёки бармоқларни бир-бирига ёпишиб қолишини даволаш мумкинми деган савол кишини ўйлантириб қўяди. Агар бармоқлар бир-бирига ёпишган, аммо суяги алоҳида бўлса, жарроҳлик йўли билан уларни ажратиш мумкин. Қўл-оёқдаги ортиқча бармоқлардан ҳам тиббий текширувлардан сўнг шифокор кўрсатмаси ва жарроҳлик амалиёти ёрдамида халос бўлиш имкони мавжуд. Борди-ю, туғма нуқсонлар бирор касаллик белгиси бўлса, ўз ўрнида дастлабки муолажа касалликни даволашга қаратилади.
Қулоқдаги ортиқларни-чи?
Бола қулоғи ёки шу аъзо атрофида ортиғининг бўлиши тиббиётда «Дарвин бўртмаси» деб номланиб, насл сурувчи туғма ривожланиш нуқсони сифатида тилга олинади. Бу нуқсон боланинг саломатлиги ёки яшаш тарзи учун ҳеч қандай ташвиш туғдирмайди. Бироқ айрим ҳолатларда касаллик белгиси бўлиши ҳам мумкин. Масалан, голденхара синдромида қулоқ олдида узун тери бурмалари бўлиб, улар айнан мазкур хасталикнинг ўзига хос белгиси ҳисобланади.[ www.BePuL.NeT -Saytdan olindi]
Ҳомиладорликда аниқлаш мумкинми?
Ҳозирги кунда ҳомиладаги туғма нуқсонларни ультратовушли текширув, скрининг, доплер усуллари ёрдамида аниқланади. Шундай бўлса-да, мазкур текширувлар фақат туғма нуқсонларни, масалан, қўл-оёқдаги ортиқча бармоқларни ёки тана скелетининг тузилишидаги бирор ўзгаришларни кўрсатиши мумкин. Аммо туғилажак бола терисидаги доғ ёхуд норни аниқлаш имкони мавжуд эмас. Бу каби муаммолар бўлмаслиги учун шифокорлар ҳомиладорликни аввалдан тўғри режалатиришни ҳамда фарзанд кўришга тайёргарликка жиддий эътибор қаратишни тавсия қилишади.
Кейинги ҳомиладорлик қандай режалаштирилади?
Агар аввалги фарзандингиз нор, доғ ёки тана аъзосида ортиғи (кемтик) билан туғилса, кейинги ҳомиладорликни режалаштиришда мутахассис билан албатта мастаҳатлашинг. Агар туғма нуқсонлар боладаги бирор касаллик аломати бўлса, мутахассис фикри ва текшируви жуда зарур. Шунингдек, ҳомиладорликни режалаштираяпсизми, умумий аҳволингиз, саломатлигингиз, қандай дори препаратларини қабул қилаётганингиз, муолажа олаётганингизга ҳам аҳамият беринг. Зеро биргина буйрак шамоллашига қарши қиланаётган муолажа вақтида юзага келган ҳомиладорлик ҳам туғилажак фарзанд саломатлигига таъсир этиши ҳеч гап эмас.
«Роса довучча егим келганди-я...»
Ҳомиладор аёл кўнгли тусаган егуликни еёлмаса, боланинг бурни пучуқ ёки бирор аъзоси кемтик билан туғилади, деб ирим қилишади. Шифокорлар наздида бу шунчаки ирим, холос. Ёки ҳомиладор аёлга парвариш ва ғамхўрлик керак, деган мақсадда айтиладиган сўзлар. Лекин тиббиётда исботланган ҳодиса эмас.
Исмларнинг таъсири борми?
Чақалоқ қулоғида ортиғи билан туғилса, Ортиқ ёки Зиёдулла дея исм қўйилади. Шунингдек, ортиқча бармоғи ёки каттароқ нори бўлса ҳам, Нортой, Зиёда деб аташади. Гўё шундай қилинса ва бола бу исм билан чақирилса, ортиғи йўқ бўлиб кетадигандек ёки нори ўсмай қоладигандек. Бу ҳақдаги тахминларга аниқлик киритиш мақсадида Ўзбекистон мусулмонлар идораси фатво бўлими мудири Абдулҳамид ТУРСУНОВ фикрлари билан қизиқдик.
— Инсон танасида туғма ортиқча ўсмалар ёҳуд туғма ривожланиш нуқсонлари нор, ҳоллар ёки туғма суннат бўлганида уларни билдирувчи исмлар қўйилиши шарт дейилмаган. Баъзан нори ёки ҳоли кичрайсин ёки йўқолсин, деб фаразндини Анора, Нормурод, Ҳолида каби исмларни билан аташларини эшитиб қоламиз. Исмдан нажот кутилмайди. Шуни унутмаслик керакки, исм таъсирида инсон танасида ҳеч қандай ўзгариш бўлмайди. Лекин бу номлар ота-онага маъқул келгани учун қўйилишига қаршилик йўқ. Инсон гўзаллиги ёки ҳаракатларига ортиқча аъзоси тўсқинлик қилган ҳолатларда шифокорлар кўрсатмасига таяниб, жарроҳлик йўли билан олиб ташлашга шариатимиз тўсқинлик қилмайди.
Самира Улуғбекова тайёрлади.
Manba: www.SheJoT.CoM - Saytdan olindi!
|