Мюнхеннинг «Бавария» футбол клуби Европа Чемпионлар лигаси чорак финали доирасида «Манчестер Юнайтед»га қарши дастлабки ўйинда 1:1 ҳисобида дуранг ўйнади. Тошкент вақти билан 2 апрелга ўтар кечаси Манчестерда бўлиб ўтган ўйин 1:1 ҳисобида дуранг натижа билан якунига етди.
«Бавария» меҳмонда тўп суришига қарамай, ўйинда катта ташаббусга эга бўлди, бироқ ўз дарвозасидан биринчи бўлиб тўп олиб чиқди. Учрашув 58-дақиқасида бурчакдан етказиб берилган тўпни «МЮ» сардори Неманья Видич бош билан Мануэль Нойер дарвозасига тўғрилаб қўйди.
Орадан 11 дақиқа ўтиб «Бавария» тезкор ҳужум ёрдамида ҳисобни тенглаштиришга муваффақ бўлди – ушбу вазиятда немис клубининг ҳужумини Бастиан Швайнштайгер аниқ ва кучли зарба билан якунлади. Эътиборли томони, учрашув якунланиши арафасида айнан Швайнштайгер Рунига нисбатан қўпол ўйнагани учун майдондан четлатилди.
Энди Швайнштайгер, шунингдек, дастлабки ўйин давомида мусобақадаги иккинчи сариқ карточкасини олган Хави Мартинес «МЮ»га қарши жавоб ўйинини ўтказиб юборади. Жавоб ўйини 9 апрель куни Мюнхенда бўлиб ўтади.
$IMAGE2$
Манчестердаги ўйин билан бир вақтда Барселонадаги «Камп Ноу» стадионида «Барселона» ҳамда «Атлетико Мадрид» жамоалари ўртасида бошқа бир чорак финал ўйини бўлиб ўтди. Ушбу учрашув ҳам 1:1 ҳисобидаги дуранг натижа билан якунига етди.
$IMAGE3$
Ушбу учрашувда ҳам ҳар иккала гол иккинчи бўлимда дарвозалардан ўрин олди. Дастлаб, 56-дақиқада «Атлетико» ярим ҳимоячиси Диего ҳисобни очган бўлса, орадан 14 дақиқа ўтиб «Барселона»нинг бразилиялик ҳужумчиси Неймар ҳисобни тенглаштирди. Ушбу ҳисоб ўйин охиригача ўзгармади.
Жавоб ўйини 9 апрель куни Мадридда бўлиб ўтади. Қайд этиш жоиз, бугунги ўйин каталонияликларнинг аргентиналик етакчиси – Лионель Месси учун «Барселона» таркибидаги, «Барселона» учун эса еврокубоклардаги 500-учрашув бўлди.
Чорак финал доирасидаги яна икки жуфтликнинг дастлабки ўйинлари 2 апрель, чоршанба куни ўтказилади. Шу куни «Реал Мадрид» ўз майдонида Дортмунд «Боруссия»сини қабул қилса, «ПСЖ» Францияда Лондон «Челси»сини меҳмон қилади. Ҳар иккала Тошкент вақти билан 23:45да бошланади.