Туркия ва Россия тинчлик битимини кузатадиган қўшма марказ ташкил этиш тўғрисида келишув имзолаганди. Марказ Озарбойжон ҳудудида ташкил этилиши кўзда тутилган.
Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған россиялик ҳамкасби Владимир Путин билан телефон орқали суҳбатлашди ҳамда Тоғли Қорабоғда ташкил этиладиган қўшма кузатув маркази "тез кунларда” иш бошлашини кутаётганлигини айтди.
Эрдўған Путинга ушбу марказ "Тоғли Қорабоғ можаросини ҳал қилиш ва минтақада барқарорликни таъминлаш бўйича қилинган қадамлар доирасида "имкон қадар тезроқ” фаоллашиши кераклигини билдирди, деб ёзади Онадўлу агентлиги.
Озарбойжон ва Арманистон 10 ноябр куни Россия воситачилигида Тоғли Қорабоғда ўт очишни тўхтатиш тўғрисида битим имзолаганди. Кейинроқ Туркия ва Россия тинчлик битимини кузатадиган қўшма марказ ташкил этиш тўғрисида ўзаро келишиб олди. Марказ Озарбойжон ҳудудида ташкил этилиши кўзда тутилган.
Шунингдек, икки давлат раҳбарлари ўзаро савдо ҳажмини ошириш, ўзаро алоқалар ҳамда Сурия ва Ливиядаги воқеаларни ҳам муҳокама қилган.
Қайд этилишича, Туркия раҳбари Суриядаги урушни тўхтатиш учун тезкор ва аниқ қадамлар зарурлигини таъкидлаб, Ливиянинг бирлиги ва яхлитлигини ҳимоя қилиш учун сиёсий ва ҳарбий музокараларда Туркия-Россия ҳамкорлиги давом этишига ишонч билдирган.