Уларга қандай чора кўрилгани маълум бўлди
Хонандалар Фарҳод Сулаймонов ҳамда Ширин Зоитовага нисбатан суд қарори эълон қилинди.
Унга кўра, ижодкорлар Бобур Бобомуроднинг товар белгисидан фойдалангани ҳамда «Қалбим баҳори», «Ҳаёт» шеърларини муаллифнинг рухсатисиз концерт дастурида куйлагани учун маъмурий жавобгарликка тортилган. Фарҳод Сулаймонова ва Ширин Зоитоавага базавий ҳисоблаш миқдорининг 5 баравари миқдорида, яъни 1 350 000 сўм жарима жазоси тайинланганлиги маълум қилинган.
«2022 йил 28 январь куни жиноят ишлари бўйича Юнусобод туман судининг иш юритувига аризачи Б. Бомурадовнинг ҳуқуқбузарлар: Ф. Сулoйманов ва Ш. Зоитовага нисбатан ўзганинг товар белгисидан, хизмат кўрсатиш белгисидан қонунга хилоф равишда фойдаланаётгани ёхуд ўзганинг фирма номидан қонунга хилоф равишда фойдаланаётгани, асарлардан ёки турдош ҳуқуқлар объектларидан қонунга хилоф равишда фойдаланаётгани тўғрисидаги аризаси келиб тушган.
Ариза талабидан кўринишича, Интеллектуал мулк агентлигига 2021 йил 16 декабрь куни аризачи Б. Бомурадовдан унга тегишли бўлган ‘Фарход ва Ширин’ товар белгисидан Ф.Сулаймoнов ва Ш.Зоитова ҳуқуқий эгасининг розилигисиз фойдаланаётганлиги юзасидан тегишли чора кўриш тўғрисидаги мурожаат тушган. Унга асосан, 13 декабрь куни Б. Бомурадовга ‘Фарҳод ва Ширин’ сўз кўринишидаги товар белгиси учун товарлар ва хизматлар халқаро ташрифининг 35, 41-синфларига мувофиқ МГУ 43187-сон гувоҳнома берилганлиги аниқланган. Гувоҳноманинг муддати 2031 йил 15 ноябрга қадар амал қилиши белгиланган. Ф.Сулаймoнов ва Ш.Зоитова томонидан Агентликка ‘Фарҳод ва Ширин’ сўзли ёки шу сўзлар иштирокидаги товар белгисини рўйхатдан ўтказиш учун талабнома топширилмаган. Ф.Сулаймoнов ва Ш. Зоитова томонидан ўз хонандалик фаолиятида фойдаланилаётган ‘Фарход ва Ширин’ сўзи аризачи Б.Бомурадовга тегишли бўлган МГУ 43187-сон ‘Фарҳод ва Ширин’ товар белгиси билан ҳам фонетик ҳам семантик жиҳатдан ўхшашлиги аниқланган.
Бундан ташқари, Ф.Сулаймoнов ва Ш. Зоитова томонидан 2021 йил 16 декабрь куни ‘Туркистон’ санъат саройида бўлиб ўтган концертда аризачи Б. Бомурадовга тегишли ‘Қалбим баҳори’ ва ‘Ҳаёт’ номли шеърий асарлар муаллиф билан тегишли ёзма шартнома тузмасдан, ҳуқуқий эгасининг рухсатисиз барчанинг эътиборига етказилганлиги ва омма олдида ижро этилганлиги аниқланган.
Жиноят ишлари бўйича Юнусобод туман судининг 2022 йил 14 февралдаги қарорига кўра, Ф. Сулайманов ва Ш. Зоитовага Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 177-моддаси (Ўзганинг товар белгисидан, хизмат кўрсатиш белгисидан қонунга хилоф равишда фойдаланиш ёхуд ўзганинг фирма номидан қонунга хилоф равишда фойдаланиш) 1-қисми, 177-1-моддаси (Муаллифлик ҳуқуқини ва турдош ҳуқуқларни бузиш) 1-қисми билан ушбу Кодекснинг 34-моддаси тартибида базавий ҳисоблаш миқдорининг 5 баравари миқдорида, яъни 1 350 000 сўм жарима жазоси тайинланганлиги маълум қилинади», — деб ёзилади Тошкент шаҳар судларининг Telegram каналида.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Бобур Бобомурод Фарҳод ва Шириндан ёзган шеърлари учун муаллифлик ҳуқуқини талаб қилиб судга мурожаат қилганди. У «Фарҳод ва Ширин» жуфтлигини яратган. Бироқ ҳозирда хонандалар устозини тан олмаган. Шунинг учун шоир уларга таъқиқ қўйган. Бобур Бобомурод уларнинг 50 дан ортиқ қўшиқлари матнининг муаллифи.