 Дилбандига «гидроцефалия» ташхиси қўйилган ота-оналар бу дарднинг азобини яхши билишади.
Бугунги келиб, бош мия суюқлигининг ортиши, яъни гидроцефалия хасталиги янги туғилган чақалоқлардан тортиб бир ёшдан ошган болакайларда ҳам кузатилмоқда. Хўш, бунинг сабаби нимада? Умуман, гидроцефалия ҳақида нималарни биламизу қандай маълумотлардан хабардор бўлишимиз шарт? Бу ҳақда олий тоифали шифокор-невролог Муҳаббат НАСУЛЛАЕВА маълумот беради.
Бу қандай касаллик?
Ҳар бир одамнинг бош миясида суюқлик (ликвор) ишлаб чиқарилиб, мия тўқималарига қайта сўрилади. Мазкур жараённинг бузилиши натижасида эса калла ичи босимининг ортиши ёки мия суюқлигининг тўпланиб қолиши каби ҳолатлар юзага келади. Мия суюқлиги мия қоринчаларида тўпланади ва мия пардалари орасида оқиб туради. Агар ушбу жараён одатий тартибдан четлашса, мия суюқлиги мия қоринчаларида тўпланади-ю, аммо ҳаракатланмайди. Бу эса гидроцефалия дегани.
Сабаблар
Гидроцефалиянинг бир неча турлари ва кўринишлари фарқланади. Гўдак ёшидаги болаларда хасталикнинг 80 фоизи ҳомила ривожланиши вақтида онанинг инфекцион хасталиклар билан оғриши, носоғлом турмуш тарзи ва ҳомила ривожланиши давридаги ташқи омиллар таъсиридан бўлса, 20 фоизи туғруқ жараёни асоратларидан бўлиши мумкин. Бир-икки ёш ва ундан юқори ёшдаги болаларда эса бош мия қон томирларидаги ривожланиш нуқсонлари, инфекцион турдаги касалликлар, менингит, ёпиқ бош мия жароҳатлари, шунингдек, генетик мойиллик кабилар тасниф этилади. Яна ёшидан ошган болаларда гидроцефалия ҳамроҳ касалликлар, масалан, сурункали шамоллаш ёки вирусли касалликлар асоратида ҳам юзага чиқиши мумкин. Шу билан бирга, мияда ҳосил бўлган шишлар, калла суяк ичидаги босимнинг ошишига сабаб бўлиб, гипертензион-гидроцефалия синдромини юзага келтиради.[ www.BePuL.NeT -Saytdan olindi]
Белгилар
Одатда, касалликка баҳо беришда икки ёшгача ва ундан кейин юзага келадиган аломатлар тавофут қилинади. Гўдакларда бош тузилиши асосий белгилардан бири. Агар гидроцефалия аломатлари мавжуд бўлса, бош айланаси ўлчамининг катталашиши ҳисобига бош суяги жойидан қўзғалади. Натижада бош тузилишида ўзгариш бўлиб, пешана олдинга бўртиб чиқади. Бошдаги лиқилдоқнинг шишиб қолиши ва бир ярим ёшга қадар ҳам битмаслиги, бола бошини тез-тез орқага ташлаши, сабабсиз безовта бўлиши ҳам касаллик белгисидир. Бир-икки ёшдан ошган болаларда эса бош оғриқлари, кўриш қобилиятининг сустлашиши, уйқу тартибининг бузилиши, ланжлик, ҳолсизлик, баъзида сийдик тутолмаслик, хотира пасайиши, диққатни жамлай олмаслик каби аломатлар тилга олинади.
Ташхис
Кичкинтойга хасталик ташхисини қўйишдан аввал бир қанча текширувлар ўтказилади. Дастлаб, бола бош айланасининг ўлчами текширилади. Бош айланаси меъёрдан катта, бош қисмининг юз қисмига нисбатан йирикроқ, пешона қисмида қон томирларининг яққол кўриниб туриши, кўз олмасининг тепа қисмида оқлик кўрниб қолши (ботаётган қуёш симптоми) ҳасталикнинг ташқи белгиларидир. Агар бола бошидаги лиқилдоғи ҳали қотмаган бўлса, бош мия УТТси — нейросонография қилинади. Ёшидан ошган болаларга эса ультратовушли текшируви ҳамда рентгенография усуллари қўлланилади. Шунингдек, зарур ҳолларда компьютер томография ҳамда магнит-резонанс томография текшируви ҳам ўтказилиши мумкин. Натижаларга кўра, шифокор болангиз учун керакли бўлган муолажа турини тавсия этади.[ www.BePuL.NeT -Saytdan olindi]
Даволаниш шарт ва муҳим!
Агар болада гидроцефалия ташхиси тасдиқланса, албатта, нейрохирург-мутахассисга учрашиш керак. Бунда касаллик тури ва даражасига кўра муолажа усули танланади. Дори препаратлари ёрдамида даволаш усули буюрилганда мияда тўпланиб қолган суюқлик сийдик ҳайдовчи препаратлар ёрдамида ташқарига чиқарилади. Кейинчалик хасталик аломатлари такрорланмаслиги учун бола иммунитетини яхшиловчи ҳамда маълум вақтгача сийдик ҳайдовчи дамламалар билан профилактика чораларини қўллаш тавсия этилади. Асосийси муолажалардан сўнг бола йиқилиб, тан жароҳат олмаслигига эътибор қаратиш шарт. Айрим ҳолларда соғлом болаларнинг ҳам бош айланаси каттароқ бўлади. Бу ҳолат ота-онанинг бирида бош тузилиши катта бўлиши билан изохланади. Лекин касаллик ҳисобланмайди.
Жарроҳлик амалиёти нега керак?
Туғма гидроцефалия ҳамда касалликнинг оғир турларида хасталикнинг ривожланишини тўхтатиш учун жарроҳлик амалиётига мурожаат қилинади. Албатта, бундай амалиёт учун чуқур тиббий текширувлар ўтказилиши ва кичкинтойнинг умумий аҳволи қониқарли бўлиши лозим. Ушбу амалиёт ҳозирда кенг қўлланилиб, мияда тўпланиб қолган ортиқча суюқлик махсус қурилма найчаси (шунт) ёрдамида қорин бўшлиғига туширилади. Шу ўринда жарроҳлик амалиётидан сўнг боланинг бош тузилиши асл ҳолига қайтадими ёки йўқ деган савол туғилади. Агар касаллик ўз вақтида аниқланса ва керакли муолажалар қўлланилса, бош айланаси меъёрий ҳолатга қайтиши мумкин.Ҳасталик ўтказилиб юборилиб, калла суяклари катталашиб бўлган бўлса, амалиёт орқали касаллик ривожланиши тўхтатилади, холос, аммо бош тузилиши ўзгармайди. Энг муµими, мазкур усул болакайга соғлом турмуш тарзини туµфа этиб, жисмоний ва ақлий ривожланишда тенгқурларига етиб олиш имконини беради.
Самира УЛУҒБЕКОВА тайёрлади
Manba: www.SheJoT.CoM - Saytdan olindi!
|