 Бош прокуратурада ташкил этилган коррупция масалаларига оид идоралараро йиғилишда Маданият, соғлиқни сақлаш, жисмоний тарбия ва спорт, халқ таълими, ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирликлари ҳамда Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш қўмитаси тизими ҳам коррупциядан холи эмаслиги кўрсатиб ўтилди.
Маълум қилинишича, Маданият вазирлигининг айрим мансабдорлари ўзига хос жиноий схема яратган. Муқаддам ўғирлик ва талон-торожлик жиноятлари учун 7 йил озодликдан маҳрум этиш жазосини ўтаб чиққан И. исмли фуқаро 2019 йил февраль ойида вазирлик бош ҳисобчиси лавозимига тайинланган.
У ўзининг жиноий режаларига кўра, вазирлик харидларини фуқаро К. ва унинг яқинларига тегишли фирмаларга бериш учун 26 минг доллар улуш олган.
Шундан сўнг вазирлик тизимидаги театр, маданият уйлари ва бошқа ташкилотларга зарур грим маҳсулотлари учун таниши К.га тегишли фирмаларга 2,6 миллиард сўм ўтказиб берилган.
Ўз навбатида, бу фирмалар грим ўрнига «Ўрикзор» бозоридан 264 миллион сўмга арзон ва сифатсиз косметика маҳсулотларини сотиб олиб, уни грим эканлиги ҳақида сохта ҳужжатларни тузиб, вазирликка топширган. Вазирлик эса маданият муассасаларига умуман керак бўлмаган бу маҳсулотларни грим сифатида сохта ҳужжат қилиб, уларга етказиб беради.
«Схемага кўра, маҳсулот нархи ҳужжатларда бир неча баробар қиммат кўрсатилиб, 2,3 миллиард сўм маблағ талон-торож қилинган», — дейди бош прокурор.
Шунингдек, вазирлик ишлар бошқармаси бошлиғи О. театр ва мусиқий мактабларга аслида етказиб берилмаган мебель ва мусиқа анжомлари етказиб берилгани ҳақида сохта ҳужжатлар тузиб, 1,7 миллиард сўмни ўзига таниш фирмаларга ўтказиб, талон-тарож қилган.
Бундан ташқари, 13,5 миллиард сўмлик мебель ва жиҳозларни танишларидан 20,2 миллиард сўмга олиш йўли билан 6,7 миллиард сўм ҳам талон-торож қилинган. Бу жиноий схема билан 12 миллиард сўм бюджет маблағи ўмарилган. Ҳозирда ушбу шахслар қамоққа олинган бўлиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.
Manba: www.SheJoT.CoM - Saytdan olindi!
|