 Тошкентда хитойлик эркакни тунаган қизларга суд ҳукми ўқилди. Бу ҳақда Тошкент шаҳар суди матбуот хизмати хабар берди.
Д.Х. ўзининг таниши вояга етмаган У.А. билан тил бириктириб, таниши хитойлик эркакнинг пулларини қўлга киритишни мақсад қилишади. Улар эркакни телефон орқали чақиришган.
Аёллар эркакнинг автомашинасида кетаётганда Д.Х. куч ишлатган ҳолда унинг бўйнидан ушлаб, бир қўли билан сиркага ботирилган матони юзига босган. Аммо, эркак ҳушидан кетишнинг ўрнига машинани тўхтатиб, қочиб кетган.
Шундан сўнг, Д.Х. ва У.А. автомашина юкхонасидан хитойлик эркакка тегишли бўлган ХХР фуқаролик паспорти, ҳайдовчилик гувоҳномаси, иш гувоҳномаси, 5,5 минг АҚШ доллари, 2 минг Хитой Юани, 15 минг Россия рубли ва бир дона флеш-картаси бўлган кўк рангли сумка (рюкзак)ни талон-торож қилиб, унга жами 61,577 млн сўм миқдорида моддий зарар етказиб, воқеа жойидан яширинишади.
Бундан ташқари, Д.Х. ва У.А. хитойлик эркакка тегишли бўлган ҳужжатларни далага ташлаб, йўқ қилишади.
Суд ҳукмига кўра, Д.Х.га нисбатан 4 йил 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш, У.А.га нисбатан эса 1 йил 8 ой 24 кун муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланди.
Шунингдек, жабрланувчи фойдасига 10 млн 651 минг сўм моддий зарар ундирилиши белгиланди.
Manba: www.SheJoT.CoM - Saytdan olindi!
|