 7 ноябрь куни ижтимоий тармоқларда «Ипотека банк»нинг Юнусобод туманидаги филиали ёнида банк ходимлари ва Мажбурий ижро бюроси ходимлари экани айтилган бир неча киши иштирокида можаро юз бергани акс этган видео тарқалди. МИБ мазкур ҳолат юзасидан изоҳ берди.
Мажбурий ижро бюроси Юнусобод туман бўлими иш юритувида, Тошкент туманлараро иқтисодий судининг 27.03.2020 йилдаги 4-1001-2002/1354-сонли ҳамда 16.05.2020 йилдаги 4-1001-2002/1354-сонли ижро варақаларига асосан қарздорлар "Benefit Trade Group” МЧЖ ҳамда "Express Rental” МЧЖлардан ундирувчи АИТБ "Ипотека банк” Юнусобод филиали фойдасига қарздорлик ундириш ҳамда ундирувни қарздор жамиятларга тегишли бўлган 43 турдаги автотранспорт воситаларига қаратиш белгиланган ижро ҳужжати мавжуд. Мазкур ижро ҳужжати бўлим иш юритувига 15.06.2020 йилда келиб тушган ва шу куни ижро иши юритувини қўзғатиш тўғрисида қарор қабул қилинган ҳамда қарздорлар томонидан белгиланган ихтиёрий муддатда қарздорлик қопланмаганлиги сабабли "Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида”ги Қонунга асосан гаров мулклари бўлган автотранспорт воситаларига нисбатан қидирув эълон қилинган. Мажбурий ижро ҳаракатлари давомида қарздор жамиятларга тегишли бўлган жами 13 турдаги автотранспорт воситалари хатланиб, 6 таси «Электрон-онлайн аукцион» ДУКга чиқарилиб реализация қилинган. Шунингдек, қолган 7 турдаги автотранспорт воситаси хатланиб сақлаш учун АИТБ "Ипотека банк” Юнусобод филиали ходимларига Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 233-моддаси билан огоҳлантирилиб топширилган. Шунингдек, Тошкент шаҳар Иқтисодий суди кассация инстанциясининг 17.09.2020 йилдаги қарорига асосан Тошкент туманлараро Иқтисодий судининг 2020 йил 24 февралдаги қарори бекор қилинган ҳамда Тошкент туманлараро Иқтисодий судининг 28.10.2020 йилдаги иш юритишни тугатиш тўғрисидаги ажримга асосан шу суднинг 4-1001-2002/1354-сонли қарори бекор қилинган. Ўзбекистон Республикаси "Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида”ги Қонунга кўра сақлаш учун топширилган мол-мулклар эгаларига қайтарилиши белгиланган. 06.11.2020 йилда АИТБ "Ипотека банк” Юнусобод филиали ходимларига сақлаш учун топширилган автотранспорт воситаларини қарздорларга қайтариш ижро ҳаракатлари олиб борилаётган вақтида банк ходимлари томонидан қаршилик кўрсатилган. Мазкур ҳолат бўйича ижро ҳаракатларига қаршилик кўрсатган шахсларга нисбатан ҳуқуқий чора кўриш масаласи кўриб чиқилмоқда. Натижаси ҳақида қўшимча маълум қиламиз, дейилади МИБ расмий баёнотида.
Manba: www.SheJoT.CoM - Saytdan olindi!
|