 Ўзбекистон ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари Қашқадарё вилоятида банк тизимида фаолият юритиб келган жиноий гуруҳни фош этишди.
Суриштирувлар натижасида иш юритиш услуби ойдинлашди: Гуруҳга Акциядорлик тижорат "Халқ банки”нинг 52 ёшли раҳбари Юсуп Арзиқулов бошчилик қилиб келган. Бу молиявий найранглар доираси ҳудуддаги 20 дан ортиқ одам, ўнлаб фирмалар, компаниялар, фермер хўжаликларини ўз ичига олган. Бу найранглар йиллар давомида давлат хазинасига юз миллион сўмлаб зиён етказган.
Оиланинг ҳар бир аъзосига кредит
Маълумки, 2006 йилнинг 23 март куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Шахсий ёрдамчи, деҳқон ва фермер хўжаликларида чорва молларини кўпайтиришни рағбатлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Мазкур қарор жойларда аҳолининг турмуш шароитларини яхшилаш, чорвачиликни ривожлантиришда жуда катта аҳамият касб этди. Қанча оилалар шу қарор туфайли ўзининг моддий имкониятларини тиклаб олди. Қарор ижроси юзасидан 2006 йилда Ўзбекистон Республикаси Марказий банки томонидан аҳолига энг кам иш ҳақининг 80 бараваригача бўлган миқдорда кредитлар берилди.
Қашқадарё вилоятида бундай кредитларни бериш ваколати ўша пайтларда Юсуп Арзиқулов раҳбарлик қилиб турган "Халқ банки”нинг вилоят филиали зиммасига юклатилди. У зиммасига юклатилган масъулиятли вазифани мўмай даромад манбаи сифатида қабул қилган кўринади. Шу боис ишни қандай қилиб ўз фойдасига ҳал этиш режасини пухта ишлаб чиқди. Унинг бошчилигида бу найрангларни асосан муовини Собир Искандаров, операцион бўлим бошлиғи Ёқубжон Мамашоев, кредит бўлими бошлиғи Ҳамза Назаров, шу бўлимнинг бош мутахассиси Одил Дияров амалга ошириб келган. Бу "хайрли” ишдан "Халқ банки”нинг Қарши шаҳар бўлинмаси масъул ходимлари ҳам четда қолишмади.
Давлат қишлоқ хўжалиги ривожи учун маблағни аямаслигини билган жиноий гуруҳ аъзолари шу тариқа отга қамчи босишди. Улар аввал таниш-билишлар орқали турли паспортларнинг асли ва нусхаларини қўлга киритишди, кейин маҳалла йиғинларидан маълумотномалар ёздириб олишди, охирида паспорт эгалари номига кредитлар расмийлаштиришди. Ҳужжатлар худди шахсий ёрдамчи ва деҳқон хўжаликларида чорвачиликни ривожлантириш ниқоби остида расмийлаштирилса-да, улардаги пуллар "шахсий” чўнтакларни тўлдира бошлади.
Шу тариқа нақ 222 киши ўзлари бехабар ҳолда банкдан қарздор бўлиб қолди. Уларнинг кўпчилиги бу ҳақда қарзларни сўндириш бўйича уйларига хабарнома келганида хабар топишди. Баъзилар эса, ўзлари учун кредит сўраб банкка боришганида, улар номидан кредит ҳисjби очилганини билиб қолишди.
Жиноятчилар ўзларига шу қадар ишониб қолишган эдики, улар ҳатто бутун бошли оилаларнинг паспортини ўғирлаб, уларнинг ҳар бир аъзоси номига кредитлар тўғирлашди.
Бегмуродовлар оиласи билан ҳам ана шундай ҳолат юз берди. Бу оланинг ҳар бир вакили елкасига 2 миллион сўмдан "қарз” илишди. Шу тариқа Тошмуродовлар, Қаршиевлар, Аҳмедовлар, Авазовлар, Яратовлар, Янгибоевлар оиласи ҳам фирибгарлар тўрига илиниб, "Халқ банки”нинг қарздорлари рўйхатига тушиб қолишди.
Пора эвазига имзо
Маълум бўлишича, фирибгарлар кредит шартномаларини расмийлаштиришда маҳалла раислари билан ҳам тил бириктиришган. Арзимаган пул эвазига улар фирибгарларнинг қармоғига илинган "қурбонлар”нинг кам таъминлангани ва шахсий ёрдамичи хўжалик ташкил этиш учун кўмакка муҳтожлиги ҳақида сохта маълумотларни қарсиллатиб ёзиб бераверишган. Бундай маълумотнома бўлмаса, Ю.Арзиқулов бошчилигидаги жиноий гуруҳ сохта кредитларни расмийлаштира олмасди-да! Бундай масалалар "Халқ банки”нинг вилоят ва шаҳар бўлимларида кредит қўмиталари аъзолари йиғилишида гап-сўзсиз ҳал этиларди. Йиғилишларнинг сохта баённомаларига қараганда, уларнинг барча иштирокчилари кредит беришни бир овоздан маъқуллаганлар. Бундан келиб чиқадики, улар ҳам бу ишдан маълум даражада манфаатдор бўлишган.
Натижада Арзиқулов ва унинг ҳамтовоқлари қисқа вақтда банкдан 564 миллион сўмлик кредитни "туя” қилиб юборишган. Аграр муҳитни қўллаб-қувватлаш мақсадида давлат томонидан ажратилган катта миқдордаги маблағ шу тариқа фирибгар шериклар чўнтагидан жой олиб, уларнинг маишатлари йўлида сарфлаб юборилган.
Сўнгги пушаймон
Бегона паспортлар асосида кредит олиш фирибгарларга мойдек ёқиб қолдими, улар ўз фаолиятлари доирасини кенгайтиришга тушишди.
Янги йўналиш сифатида каттагина пул айланадиган лизинг бозори танланди. Энди Юсуп Арзиқуловнинг ноқонуний тизими Қашқадарё вилоятидаги бир қанча фермер хўжаликлари ҳисобидан кенгая бошлади. Янги ҳамкорлар сафига «Бобурмирзо», «Ерқўрғон саховати», «Карвон», «Тошмуродов Давлат Абдузоирович», «Икром Жалилов», «Осиё КБХ» ва бошқа фермер хўжаликларининг раҳбарлари келиб қўшлди.
Бу ишга Тошкентда фаолият кўрсатаётган «Агромашлизинг» акциядорлик жамияти раҳбари ва ҳисобчисининг ҳам жалб қилинганига нима дейсиз? Ҳамкорларнинг келишувига кўра, умумий қиймати 17 млрд сўмдан ортиқ бўлган лизинг битимлари ноқонуний тарзда расмийлаштирилган.
Бу молиявий найрангларга ҳуқуқни муҳфоаза қилиш органлари нуқта қўйишди. Жиноий гуруҳнинг барча аъзолари қўлга олинди. Тергов ва суд жараёнида улар ўз айбларига тўла-тўкис иқрор бўлиб, ўзлари чув туширган одамлардан кўзда ёш билан кечирим сўрашди.
Аммо, донишмандлар ҳақ гапни айтишган: "Сўнгги пушаймон – ўзингга душман!”...
Икром Неъматов
Manba: www.SheJoT.CoM - Saytdan olindi!
|