Наманганда ўқувчига берилган ноутбук қайтариб олингани сабабли мактаб директори ҳамда унинг синф раҳбари эгаллаб турган лавозимидан озод этилди. Бу ҳақда Наманган вилояти халқ таълими бошқармаси Матбуот хизмати хабар берди.
Жорий йилнинг 22 январь куни Наманган вилояти Норин туманидаги 1-мактаб ўқувчисига берилган ноутбук қайтариб олингани ҳақида видеомурожаат тарқалган эди. Унда, Республика миқёсида ўтказилган онлайн олимпиадада математика фани бўйича 1-ўринни қўлга киритган Муроджон исмли ўқувчига берилган ноутбук қайтариб олингани айтилганди. Шундан сўнг, ўқувчининг яна бир мурожаати пайдо бўлди. Унда ўқитувчилар совринни 24 январь куни тантанали топширишмоқчи бўлгани айтилган.
Хабарда таъкидланишича, мазкур ҳолат бўйича ўрганиш ўтказилиб, шу куннинг ўзида ноутбук Муроджон Эргашалиевга қайтариб берилган ва шу ҳақида ижтимоий тармоқлар орқали муносабат билдирилган.
Вилоят халқ таълими бошқармаси томонидан Норин туман халқ таълими бўлими ҳамда 1-сонли мактаб фаолияти юзасидан хизмат текшируви ўтказилган ва мактаб директори Нозимжон Ҳусанов ҳамда синф раҳбари Санобар Хожимуродова эгаллаб турган лавозимидан озод этилган.
Шунингдек, ушбу ҳолат бўйича, камчиликларга йўл қўйганлиги сабабли Норин туман халқ таълими бўлими мудири Жавлонбек Нурмухаммадовдан тушунтириш хати олиниб, тегишли интизомий жазо чораси қўллаш бўйича Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирига хат киритилган.