 Кўчада қор ё ёмғир ёғиб турса, шамоллашдан қочиб бўлармикан? ҳомиладорлик даврида мана шу оддийгина касаллик ҳам катта муаммога айланиши мумкин. Ахир бу вақтда бўлажак онадан ташқари, унинг болажониси ҳам оғриши мумкин-да. Хўш, нима қилиш керак?
Уч ой давомида эртаю кеч уйда ўтириб, кўчага чиқмаслик муаммонинг ечими эмас. Бўлажак она ва болани ҳимоя қила оладиган, шу билан бирга уларга заррача ҳам зарар етказмайдиган универсал восита бормикан? ҳа, албатта! У мўъжизавий ва қимматбаҳо дори эмас, у бизнинг йиллар давомида синалган қадрдон дўстимиз — иммунитет.
Душманлар билан танишиб чиқамиз!
Шамоллаш — тиббий маълумотномаларни ахтариб овора бўлманг, ундай хасталик аслида йўқ. Унда нима дейсизми? Бу иммунитетнинг сусайиши ва организмдаги сурункали хасталикларнинг авж олиши, холос. Совқотиш, уст-бошнинг хўл бўлиши, елвизакда қолиб кетиш, хуллас, шу каби ҳолатлардан кейин танамизнинг бурчак-бурчакларида беркиниб ётган хасталиклар аста бош кўтаради. Ана энди бронхит, тонзиллит кабиларга старт берилади.
ЎРВИ — организмимизга ҳаво томчилари орқали ҳамла қилган вируслар оқибатида юзага келган ҳолатдир. Ўзингизни қанчалар эҳтиёт қилманг, улар билан юзма-юз келмаслик амри маҳол. Чунки қаерга қараманг, улар билан оғриган инсонларни учратиш мумкин: жамоат транспортлари, дўкон, ишхона, ҳаттоки, уйда ҳам. Вируслар танани бутунлай эгаллаб олгач, бурун оқиши, томоқ яллиғланиши, қувватсизлик ва бош оғриғи кузатилади.
Грипп — бу хасталик ҳам ЎРВИнинг турларидан бири саналса-да, иммунитетга қаттиқ зарба бериши билан ажралиб туради. Ундан ташқари, беэътибор бўлиш ёки касалликни оёқда ўтказиб юбориш (аксарият аёлларга хос одат!) турли хил асоратларни келтириб чиқариши мумкин.
Айтганча...
Совуқ бошланиши билан цистит деярли барча аёлларни безовта қилади. Шу жумладан, ҳомиладорларни ҳам. Бу касалликни ўз вақтида даволашнинг муҳимлиги шундаки, унинг асоратлари жинсий аъзоларни зарарлантириб, туғруққа оз муддат қолган бўлса, турли муаммоларга сабаб бўлиши мумкин. Циститнинг оддий кўринишидан сурункали турга ўтиши (ҳомиладор аёлларда бу бир неча кунда содир бўлиши мумкин) ҳомиланинг муддатдан аввал туғилишига олиб келиши мумкин. Боиси касаллик инфекцияси пешоб йўли орқали тарқалиб, бачадон найлари фаолиятига ҳам таъсир этади. Касалликни даволашда пешоб таҳлили топширилгач, ундаги инфекциялар миқдорига кўра антибактериал антибиотиклар буюрилади. Шу сабаб ҳам ойлик текширув кўригида аёлнинг пешоб таҳлили олиниб, таркиби ўрганилади. ҳомиладорликда циститга чалинмаслик учун шахсий гигиена қоидаларига қатъий амал қилинг. Истеъмол қилинадиган суюқлик миқдорига ҳам аҳамият беринг. Суюқлик кам ичилса, пешоб йўлларидаги инфекциялар ташқарига чиқиб кетмай, организмда турли зарарланиш ҳолатларини келтириб чиқаради.
Бола хавфдан ҳолими?
Минг афсуски, бўлажак она хасталанса, унинг вужудида ўсаётган ҳомила ҳам бир чеккада қолиб кетмайди. Ахир бола ва она 9 ой давомида бир бутунликни ташкил қилади. Организм инфекция билан курашар экан, қон таркибида токсин моддалар кўпайиб боради. Вирус кўп ҳам таҳдид солмаса-да, унинг оқибатида юзага келадиган асоратлар она ва бола учун бирдек хатарли.
«Антибиотик?!»
Касалликни лимон чой ичиш, саримсоқпиёзни ҳидлаш билан даволаб бўлмаслиги аниқ. Шифокор ҳомиладор аёлга антибиотик дорилар буюриш эҳтимоли юқори. Шубҳасиз, бу бўлажак онани ташвишга солади, негаки антибиотиклар ҳомилага таъсир кўрсатади. Антибиотиклар ҳомиладорликнинг биринчи уч ойлигида эмбрион ривожланишида патологик ҳолатларни юзага келтириши ёки ҳомила тушишига сабаб бўлиши мумкин.
Универсал қуролни ишга солинг!
Энг яхши, ишончли, фойдали, универсал ва айниқса ҳомилдорликда қўл келадиган воситалардан бири иммунитетимиздир. Даволаниш учун дори ичар эканмиз, хаёлимиздан «у менга ёрдам бериши билан бирга, бошқа аъзоимга зарар етказмасмикан?» деган фикрни ўтказамиз. Қишки шамоллашларга қарши эмлаш қандай натижа беришини ҳам олдиндан аниқ айтиб бўлмайди. ҳомиладорлик даврида она икки кишининг ҳаёти учун маъсул бўлади. Бунга эса енгил қарамаслик лозим. Аввало ўзингизни эҳтиёт қилинг! Соғлом турмуш тарзи, кун тартиби ва овқатланишга ҳам алоҳида аҳамият беринг! Танани чиниқтиринг, терапевт ва гинеколог шифокорларингиз кўрсатмаларига қатъий риоя қилинг!
Гинекологдан қисқа маслаҳатлар:
Қалинроқ кийининг. Оёғингизни иссиқ тутинг. Этик кийинг. Бел қисмини ёпиб турувчи устки либослардан фойдаланинг. Агар касбингиз кўчада кўп юришни тақазо этса, ҳароратни бир маромда ушлаб турадиган термокийимларни харид қилинг. Ихчамлаштириб турадиган ички кийимлардан воз кечинг, улар кичик тос аъзоларидаги қон айланишини бузади. Пахтали матодан тикилган кийимларга ихтиёр беринг. Узоқ вақт кўчада ҳаракатсиз ҳолда турманг, темир ва бошқа металлардан тайёрланган ўриндиқларга ўтирманг. Қиш фаслида ёзни ахтариб иссиқ ўлкаларга саёҳатга қилманг. Иқлимни ўзгартириш иммунитетни пасайтириб, касалликка мойилликни ошириши мумкин. Қабзият безовта қилмасин десангиз, таомномага эътибор беринг.
Бахтли инсонлар камроқ касал бўлади. Бу ўз исботини топган факт. Чунки қувонч, бахт, хотиржамлик ва шу каби ижобий ҳислар организмдаги гормонал фоннинг нормал ҳолатда бўлиши ва иммунитетнинг кўтарилишига туртки беради. Фарзанд кутаётганингиз ҳақиқий бахт эмасми? Шундай экан, ҳар бир кунингизга шукр қилиб, қувонинг. Табассум билан уйғонинг, табассум билан кунингиз ўтсин, уйқудан олдин ҳам табассум қилишни унутманг! Юрагингиз остидаги жигарбандингиз ва ўзингизни асраб-авайлаш ўз қўлингизда!
Олий тоифали шифокор, акушер-гинеколог Нилуфар Бўстонова берган тавсиялар асосида Дилноза МИРТОЛИПОВА тайёрлади.
Manba: www.SheJoT.CoM - Saytdan olindi!
|