28 январь куни ижтимоий тармоқларда Тошкент ҳайвонот боғида она 3 ёшли қизини айиқ қафасига ташлаб юборгани ҳақида хабар берган эдик.
Кейинчалик ушбу ҳолат юзасидан онага нисбатан жиноят иши очилганди.
Бир неча кундан кейин ССВ қизчанинг ҳолати бўйича маълумот берган ҳамда Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармаси ҳам она борасида ўз маълумотларини тақдим қилганди.
Тошкент ҳайвонот боғи қизалоқ ва унинг акасига бир умр бепул кириш имкониятини таъминлашга қарор қилди.
Маълум қилинишича, Facebook ижтимоий тармоғи фойдаланувчилари она томонидан шафқатсизларча олдига улоқтирилган болага тегмаган Зузу лақабли қўнғир айиқни очиқ табиатга қўйиб юборишни сўрашмоқда.
Мазкур сўровга Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси матбуот хизмати котиби Бунёд Абдуллаев "Зузу Кавказ қўнғир айиғи бўлгани боис, ўзига жуфт топиши ва очиқ табиатга қанчалик мослашиб кета олиши номаълум. Шу сабабли мутахассислар билан маслаҳатлашган ҳолда бу масалани кўриб чиқиш керак”, деб ўз муносабатини билдирган.