 Ўзимиз эплаймиз!
Ёз! Ниҳоят, очиқ пойафзал кийиш пайти ҳам келди. Оёларимизни тартибга келтиришнинг айни пайти. Демак, педикюр эса ёз фаслида амалга оширилиши шарт ва зарур жараёнлардан бири.
Қачон ва қаерда?
Товон ёрилиши ва тирноқнинг тери ичига ўсиши каби муаммолар бўлмаса, педикюрни уй шароитида ҳам бемалол қилса бўлади. Икки ҳафтада бир маротаба, албатта, бу жараён учун вақт ажратинг. Шунда товон ва тирноқларингиз озода, чиройли кўринади.
1-қадам: юмшатиш ва тозалаш
Тоғорага илиқ сув солиб, ичига озроқ суюқ совун (оддий совун қириндиси ҳам бўлаверади) ва денгиз тузидан қўшинг. Бу оёқ терисини юмшатади. Энди товон ва оёқдаги дағал терини товон ишқалагич ёки педикюр учун махсус тери йўнадиган мослама ёрдамида ишқаланг. Скраб ёрдамида натижани тезлаштириш мумкин. Скрабни денгиз тузи ва оёқ учун мўлжалланган крем ёрдамида тайёрлаш мумкин.
2-қадам: текислаш
Ёғоч таёқча ёрдамида тирноқ атрофидаги терини ичкарига итариб, четларини текисланг. Тирноқ шаклини думалоқ қилиб қўйманг. Акс ҳолда тери тирноқ ичига ўса бошлайди. Оёқларни чайиб артиб олгач, терини юмшатиш учун тухум ва ўсимлик мойидан тайёрланган (битта тухум сариғи ва тўрт қошиқ мой аралашмаси) суртинг. Ниқоб 15 дақиқа давомида ушланади. Бу вақтда оёқларингизга полиэтилен пакетларни кийишингиз мумкин.
3-қадам: Уқалаш
Ниқобни оқар сувда яхшилаб ювиб ташганингиздан сўнг бирор оёқ учун мўлжалланган крем ёки ўсимлик ёғи билан тўпиқларингиз, товонингиз ва оқғқларингиз учини уқаланг.
4-қадам: бўяш
Тирноқларни махсус ёғсизлантирувчи суюқлик ёки оддий спирт билан артинг. Кейин тирноқ бўёғини ишлатиш мумкин. Фақат бу борада қуйидаги қоидаларга амал қилинг:
Ранг танлаш
Қўл ва оёқ тирноқлари учун тирноқ бўёғи бир хил бўлиши муҳим. Фақат педикюр учун тирноқ бўёғи сал тўқроқ тусда танланади.
Териси оқлар учун ёрқин пушти ва шафтоли рангдаги ялтироқ тирноқ бўёғи яхши танлов.
Буғдой ранглиларнинг тирноқларини тўқ сиёҳранг безаб туради. Какао рангдаги тирноқ бўёғи билан тери янада тилла тусда кўриниши мумкин.
Қорамағизлар учун ялтироқ бўлмаган зумрад ва оловранг айни муддао.
Фойдали маслаҳатлар
Товон териси дағаллашмаслиги учун икки кун кетма-кет бир хил пойафзал кийманг. Оёқ кийим қулай бўлса ҳам. Уйда эса кўпроқ оёқяланг юринг.
Оёқ чарчоғидан крем ёрдамида бармоқлардан товонга томон енгил уқалаш билан халос бўлиш мумкин.
Тирноқлар оёқ териси ичига ўсиб кетмаслиги учун уни тирноқ эговчаси ёрдамида бир томонга қарата текислаб туриш керак.
Нигора СОЛИҲОВА
Manba: www.SheJoT.CoM - Saytdan olindi!
|