Россиянинг Благовешенск шаҳридаги 27-сонли мактабда 13 май куни эҳтимолий фавқулодда ҳолат сабабли дарслар вақтинча тўхтатилди. Бу ҳақда «Амурская правда» газетаси хабар берди, деб ёзмоқда «protoday».
Газетанинг ёзишича, дарсларнинг тўхтатилишига Тамбов туманида яшовчи 17 ёшли ўқувчи томонидан ижтимоий тармоқларда қолдирилган хабар сабаб бўлган.
Қозон шаҳридаги мактабга қилинган ҳужумга оид видео остидаги изоҳларда «Худо сизга ҳакам» ники остида хабар қолдирган ўсмир «Эртага Благовешенскнинг 27-мактабида мен ҳам шундай қиламан» деб ёзган.
Ўсмир зудлик билан ҳибсга олинди. У терговчиларга «шунчаки ҳазиллашганини» айтган.
Ички ишлар вазирлигининг Амур вилояти бўйича бошқармаси ўқувчига қарши террорчилик ҳаракати тўғрисида қасддан ёлғон хабар бериш моддаси билан жиноий иш қўзғатди. Жиноят кодексининг 207-моддаси 2-қисмига биноан, у беш йилгача озодликдан маҳрум этилиши мумкин.
Благовешенскдаги 27-мактабда ҳеч қандай портловчи восита топилмади. Текширув давомида ўқувчилар уйларига жўнатиб юборилди.