Сархил ва сифатли сабзавот ҳамда мева сотиб олишингизда AdMe нашрининг қуйидаги маслаҳатлари асқатади, деган умиддамиз.
Кичик бақлажонлар одатда катталарга қараганда мазалироқ бўлади
Мазали ва пишган бақлажон танлаётганда унинг пўстига эътибор беринг: у силлиқ ва ялтираган бўлиши керак. Агар ранги хира бўлса, сабзавот нотўғри шароитда сақланган ёки пишиб ўтиб кетган.
Яхши бақлажонни эзиб кўрсангиз, бироз сиқилади, сиртида ҳеч қандай чизиқ ҳосил бўлмайди.
Банди яшил бўлиши лозим. Агар у жигарранг ёки қуруқ бўлса, унда бақлажон жуда узоқ вақт давомида сақланган ва эскирган бўлиши мумкин.
Бақлажон поясида қанча узоқ турса, у ёқимсиз аччиқ таъмга эга бўлади. Кичик ёки ўрта ўлчамдаги сабзавотларни сотиб олган маъқул.
Саримсоқни қўлингизга олиб кўринг
Саримсоқнинг қанчалик янги эканини билиш учун уни асталик билан сиқиб кўриш керак. Агар у юмшоқ ёки вазни жуда енгил бўлса, сабзавот эскирган ёки қуриб қолган.
Ҳиди жуда кучли ва ўткир бўлмаслиги лозим. Ҳиди откир саримсоқ моғорлаган бўлиши мумкин.
Саримсоқ ниш уриб қолган бўлмасин. Кўкарган нишлар саримсоқ жуда узоқ вақт қолиб кетганини кўрсатади.
Ўртаси бўртган бодрингнинг уруғи кўп бўлади
Янги ва серсув бодринг одатда тўқ яшил ранги билан кўзни қувонтиради. Ҳар қандай сариқ доғлар сабзавотнинг ҳаддан ташқари пишганини кўрсатади.
Бодринг таранг, силлиқ бўлиши керак. Бунинг акси бўлса, сўлиётганини кўрсатади.
Сабзавот ўрта қисмининг семизлиги уруғи кўплигини англатади.
Бодрингни ҳам кичикларини танлаган маъқул, катталарида йирик уруғлар бўлади.
Яшил баргли сабзи сотиб олган яхши
Бозордан янги ва ширин сабзи олмоқчи бўлсангиз, унинг ҳажмига эътибор беринг. Кичик сабзилар одатда катталаридан кўра мазали бўлади.
Пастки қисмида ўқ илдизлари бўлган сабзавотларни олмаган маъқул.
Сабзининг янгилиги унинг барглари билан белгиланади: агар у сувли, яшил бўлса, унда сабзавот янги узилган.
Булғор қалампири «ўғил бола» ва «қиз бола»га ажратилмайди
Булғори қалампирининг сифатини пўстидан аниқлаш мумкин — силлиқ ва ёрқин. Агар пўстлоғида қора доғлар ёки юмшоқ жойлар бўлса, унда сабзавот айниган бўлиши мумкин.
Яна бир кўрсаткич — бу бандининг ҳолати. Агар у яшил бўлса, демак, маҳсулот янги.
Кўринишидан оғирроқ кўринадиган булғор қалампирини танланг.
Сабзавот бўлаклари сонига қараб «эркак» ва «аёл»га бўлинади, деган фикр бор. Аслида, сабзавотларда жинс тушунчаси йўқ. Булғор қалампири таъмига биринчи навбатда етиштирилган шароит таъсир қилади.
Барглар гулкарамнинг янгилиги ҳақида гапиради
Гулкарамнинг янгилиги барглари билан аниқланади. Агар улар яшил ва эластик бўлса, унда сабзавот яқинда узилган. Сариқ ва қуриган барглар эскира бошлаганидан дарак.
Яна бир омил — ҳиди. Жуда кучли ҳидли карам иштаҳаочар таъмга эга бўлмаслигини англатади.
Гулкарам қаймоқранг бўлиб, жигарранг нуқта ёки қора доғларсиз ва бир-бирига яқин бўлиши керак. Уларда моғор ва ҳашаротлар йўқлигига ишонч ҳосил қилинг
Помидорни сотиб олишдан олдин ҳидлаш керак
Пишмаган меваларни танламанг. Улар узоқроқ сақланади, аммо сотиб олаётганда бундай сабзавотларнинг сифатини баҳолаш жуда қийин.
Помидорлар оғирроқ бўлиши билан бирга, жуда юмшоқ бўлмаслиги керак.
Сиртда қора нуқта ёки доғлари бўлганини олмаган яхши. Айниқса, улар банди ёнида жойлашган бўлса.
Янги ва пишган помидор бой ва ёқимли ҳидга эга бўлади. Шунинг учун сабзавотларни сотиб олишдан олдин ҳидлаш керак.
Агар оддий помидорлар мавсуми бўлмаса, унда черри навидан харид қилинг. Унинг мазаси бошқа навларга қараганда яхшироқ сақланади.
Банан ранги мевалар қандай сақланганини кўрсатади
Яхши пишган бананни пўстининг рангидан осонгина аниқлаш мумкин. Агар у тўқ сариқ, учлари эса яшил ранг бўлса, унда бемалол харид қилиш мумкин.
Аммо пўстлоғи кул ранг ва хира рангда бўлса, унда мева нотўғри сақланган: ёки у музлатилган ёки аксинча, ҳаддан ташқари пишиб кетган. Бу эса меванинг таъмига таъсир қилади.