 Ўзимизни кўзгуга солиб, уёқ-буёғимизга яхшироқ тикиламизу кайфиятимиз термометрнинг симоб устунидек манфийга ўзгаради-қолади. Тарозига чиқишга-ку, юрак бетламай қўйганига анча бўлган. Ўз-ўзидан савол туғилади: «Энди нима қилиш керак?» Биласизми, ёғлар ширинликхўрлар ва тўйиб овқатланишни ёқтирадиганлар билан дўст тутинишаркан?! Нима қиламиз, «дўст»лар билан аразлашамизми? Йўқ, албатта! Килокалорияларни ўлчашни ўргансак, бунга ҳожат йўқ!
Шоколад
Ширинликларнинг қироличасини куннинг биринчи ярмида, тўплаган энергиянгизни сарфлаб олиш имконияти бор пайтда тановул қилинг. Аммо кунига кўпи билан 30 граммдан ошмасин! Ёдингизда тутинг, сутли шоколад аччиғига нисбатан кам калорияга эга. Ва яна бир гап, агар қомматингиз сизга қадрли бўлса, асло ёнғоқ ва турли қўшимчалар қўшилган шоколадларни истеъмол қилманг.
Қутида 100 гр.
Кунига 30 гр.
Ортиқча 300 ккалдан мосуво бўламиз.
Гамбургер, сендвич, лаваш
Гамбургер ва сендвичларнинг қабул қилинган стандарт катталиги бўлмайди. Бироқ ҳар қандай сендвич кафтингиздан катта бўлиши айни ҳақиқат. Нима, фақат сиз вазн тўплайверасизми, яхшиси, уни дугонангиз билан бўлишинг! Ҳатто бир дона сендвич нонининг ўзи диетологлар тавсия қилган — 50 граммдан кўра каттароқ. Қолган масаллиқларнинг 400 ккал.дан ортиқлигини гапирмаса ҳам бўлаверади.
Бутуни 200 гр.
Биз эса ярмини танлаймиз 110 гр.
Шунда нақд ортиқча 195 ккал. тийилган бўламиз.
Картошка чипслари
Уни ҳафтасига икки мартадан кўп «эслаб» турсангиз, ҳаво шаридек шишиб кетасиз. Ошқозонни алдаб туриш учун камроқ килокалорияли егулик излашингизга тўғри келади. Чунки очиққанда 100 ккалли таомлар билан чегараланишимиз зарур. Демак, калориялар жадвалини синчиклаб ўрганамиз. Агар қутида маҳсулот оғирлиги40 грамм, қуввати 200 ккал. кўрсатилган бўлса, дўмбоқойлар сафига қўшилиб қолмаслик учун 20 донанинг тенг ярмини истеъмол қилиш тавсия этилади.
Қутида 50 дона.
Биз эса 10 та билан кифояланамиз.
Шунда ортиқча 700 ккалдан қуруқ қоламиз.
Майонез
Салатларга майонезни ўсимлик мойига нисбатан кўпроқ соламиз. Баъзида бир кишилик салатга 4 чой қошиқ ўрнига 6-8 чой қошиқ майонез қўшамиз. Сахиймиз-да сахий! Демакки, унинг қуввати ҳам ўз-ўзидан икки баробарга ортади.
Салатга 4-6 чой қошиқ майонез талаб қилинса,
биз 2 ош қошиқ соламиз.
Ва ортиқча 145 ккал.дан қоматимизни асраймиз.
Нон
Диетологларнинг айтишича, кунига 50 граммдан, қалинлиги бир сантиметрлик 3 бўлак нон ейиш қадди-қоматимиз учун хавфли эмас экан. Унутманг, нон уни қанчалик қора бўлса, шунчалик фойдали.
Диаметри 6 сантиметрли нон кунлик меъёримиз.
10 сантиметрлигидан танласаниз, тўлишишингиз тайин.
Танловни кичик бўлак фойдасига қилсангиз, ортиқча 270 ккал.дан ҳимояланасиз.
Конфетлар
Ранг-баранг конфетларга шоколадга нисбатан камроқ ихтиёр беринг. Агар улар ёнғоқли бўлса, кунига 7 донадан кўп конфет зарарингизга ишлайди. Ёнғоқсизидан 10 донагача ейишингиз мумкин. [ www.BePuL.NeT -Saytdan olindi]
Қутида 20 та конфет.
Шулардан 7 таси биз учун безиён.
Ва ортиқча 160 ккалдан сақланамиз.
Йогурт
Нонушта учун турли қўшимчаларсиз 200 мл. йогурт тавсия этилади. Бу фақат фойда келтиради. Одатий 290 мл.ли идишлардаги йогурт толмачой учун кўплик қилади. Агар унинг озуқавийлик қуввати 150 ккал.дан кўпроқ бўлса, охиригача паққос туширмаганингиз маъқул.
Одатда йогуртлар 290 мл. бўлади.
140 мл. дан кўпи ортиқча.
Белгиланган меъёридан ошмасангиз, 117 ккал. фойдага қолади.
Қовурилган картошка
Одатда, қовурилган 150-200 граммли қутиларда бўлади. Ишонаверинг, қути кўзингизга қанчалик кичик кўринмасин, калорияси 370 ккалдан юқори бўлади. Шунинг учун ҳафтади икки бор қовурилган картошкани 10 донадан тановул қилсангиз, қоматингиздан нолимайсиз.
Тайёр қутиларда 120 гр.
Бизга эса 10 дона мумкин.
Шунда 312 ккал.дан қуруқ қоламиз.
Кабоб
Тушликка кўнглингиз гўшт тусаб қолдими? Бир кабобхўрлик қилсамми, деган ўйда йўл четидаги ошхона томон иштаҳа билан қадам қўйдингиз. Албатта, ўзингизни чегараламанг, бироқ кабобингиз кўпи билан 200 гр. дан ошмасин. Агар уч таомдан иборат тўлақонли тушликни истасангиз, бир сихга буюртма берсангиз, кифоя. Соат 19:00дан кейинги кабобхўрлик ҳақида эса бутунлай унутганингиз маъқул. [ www.BePuL.NeT -Saytdan olindi]
Бир кишилик буюртма 350 гр.
Биз 120 гр. буюртма қиламиз.
Натижада 460 ккал.дан тийилган бўламиз.
Макарон
Ликопчангизга ҳовучингизга сиғадиган миқдорда макарон сузинг. Ундан кўпи ортиқча сантиметрларга сабаб бўлади.
Ликопчага 120 гр. сиғиши мумкин.
Биз эса 70 граммдан ортиғига қайрилиб қарамаймиз.
Натижада 170 ккал.дан ҳимояланамиз.
Ичимликлар «ҳисоб-китоб»и
Бази ичимликлар қувватлилик жиҳатидан бутун бошли тушлик ёки десерт ўрнини эгаллаши ҳам мумкин.
Калорияси камайтирилмаган «Кока-кола»нинг 200 миллилитри 152 ккал.га тенг. Худди шунча калорияни 100 гр. «Цезарь» салатидан олишингиз мумкин.
Бир финжон каппучино қаҳваси 140 ккал. У бир бўлак 145 ккал.ли «шарлотка» пироги ўрнини бемалол боса олади.
Бир стакан қайноқ шоколад 568 ккал. бўлиб, бутун бошли гамбургер — 400 ккал.дан-да қувватлироқ ҳисобланади.
106 ккал.ли 1 бокал шампан виноси 2 дона 660 ккал.ли қаймоқли кекс бўлагига тенг.
Хуллас, хонимлар шунақа гаплар. Ана энди, овқатланаётганда парҳезнинг математик қоидаларига амал қилсангиз, чиройли қомат эгаси сиз бўласиз!
Саодат ОЧИЛОВА тайёрлади.
Manba: www.SheJoT.CoM - Saytdan olindi!
|