 Сирдарё вилояти Мирзаобод туманида дала майдонидан 100 фоиз куйиб кетган жасад топилган. Бу ҳақда Бош прокуратура матбуот котиби Kun’га хабар бермоқда.
Маълум қилинишича, 28 май куни соат 19:00ларда М34 Тошкент–Душанбе халқаро автомобиль йўлининг Сирдарё вилояти Мирзаобод тумани «Янгиҳаёт» маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидан ўтган 136-километрдаги қисмига туташ бўлган ер майдонидан 100 фоиз куйиб кетган инсон жасади топилган.
Қайд этилишича, мазкур жасад Тошкент шаҳри Учтепа туманида яшовчи 1974 йилда туғилган шахсга тегишли бўлиб, жасадда қотиллик аломатлари бўлган.
Судга оид тиббиёт экспертизасининг дастлабки хулосасига кўра, марҳумнинг ўлими танасининг 100 фоиз куйиши оқибатида келиб чиққани аниқланган.
Мазкур қотиллик иши юзасидан 28 май куни Мирзаобод тумани прокуратураси томонидан Жиноят кодексининг 97-моддаси 2-қисми «ж» банди (ўта шафқатсизлик билан қасддан одам ўлдириш) билан жиноят иши қўзғатилган.
Ҳозирда Сирдарё вилояти прокуратураси ва Ички ишлар бошқармасининг малакали ходимларидан иборат тезкор-тергов гуруҳи томонидан жиноятни фош этиш чоралари кўрилмоқда.
Manba: www.SheJoT.CoM - Saytdan olindi!
|