 "Суғдиёна”нинг аввалги сонларида соч ўсишини тезлаштирувчи табиий усуллар ҳақида ёзгандик. Ваъда қилинганидек, бугунги мавзумиз – соч ўсишини рағбатлантирувчи замонавий муолажалардир. Батафсил маълумотларни шифокор, дерматолог-трихолог Шерзод МАҲМУДОВ беради.
Плазмолифтинг
Бу муолажа нафақат сочни тезроқ ўстиради, балки унинг тўкилишига қарши самарали курашиш воситаси ҳамдир. Бир қарашда, муолажа мезотерапияга (яъни, тери остига микро уколлар амалга оширилади) ўхшаб кетса-да, аслида улар ўртасида катта фарқ мавжуд. Мезотерапияда муаммони бартараф этиш учун дори воситаларидан фойдаланилади. Плазмолифтингда эса мижознинг қонидан плазма ажратиб олиниб, қайтадан организмга юборилади. Бу усулнинг ўзига хослиги шундаки, қонни тозалаш жараёнида соч ўсишига кўмаклашувчи тромбоцид ҳужайралари сақлаб қолинади. Зардоб юборилгач, ҳужайралардаги ўсиш ва кўпайиш жараёни янгиланади, натижада соч тез ўса бошлайди. Бир амалиёт одатда 30-40 дақиқа давом этади. 3-4 муолажадан кейин унинг самарасини сезилади. Битта муолажа нархи ўртача: 60 000 сўм
Крио уқалаш
Суюқ азотнинг шифобахш ҳусусиятларидан косметология ва тиббиётда кенг фойдаланилади. Бугунги кунда суюқ азот трихологияда ҳам кенг қўлланилмоқда. Азот совуқ ҳароратда шаффоф массага айланади. Сўнг махсус апликатор (пахта билан ўралган таёқ)ни суюқ азотли идишга ботириб бош уқаланади. Бош терисида совуқлик таъсирида қон айланиши яхшиланади. Бу муолажа терида йиғилиб қолган бактерияларнинг йўқолишига ҳам ёрдам беради. Азотли уқалаш давомида бош териси бўйлаб иссиқлик югурса, билингки, қон айланиши яхшиланиб, терига кислород етказиб бериш фаоллашган бўлади. Муолажанинг давомийлиги 15 дақиқа, уларнинг сони эса трихолог шифокор тавсиясига кўра белгиланади. Бир муолажанинг ўртача нархи: 10 000 сўм
Микроток терапияси
Сочнинг тез ўсишини таъминлаш учун нафақат унинг илдизига, балки тўқималарига ҳам таъсир кўрсатиш зарур. Микроток терапия муолажаси мезотерапия ҳамда плазмалифтинг каби инъекцион усуллларга қўшимча қилинса, натижа янада тезроқ намоён бўлади. Паст частотали ток импульслари эпидермиснинг энг чуқур қатламларигача етиб бориб, қон томирларини кенгайтиради. Қон айланиши яхшилангани натижасида эса сочлар одатдагидан кўра тезроқ ўса бошлайди. Шунингдек, бош терисида ёғ ажралиши нормаллашади. Муолажанинг давомийлиги 15 дақиқа бўлиб, сеанслар сони шифокор томонидан белгиланади. Бир муолажа нархи: 10 000 сўм.
Термосауна
Номидан ҳам маълумки, муолажа иссиқлик ёрдамида амалга оширилади. Иссиқ буғ таъсирида бош терисидаги майда катаклар очилиб, тиқинлар тозаланади. Бу эса озуқавий моддаларнинг терига тезроқ сингишини таъминлайди. Муолажа таъсирида сочлар соғломлашиб, жилокорлиги янада ошади. Муҳими, термосауна муолажаси давомида тери куйиш хавфи йўқ. Унинг давомийлиги 10 дақиқа бўлади ҳамда уни қайта-қайта ўтказиш шарт эмас. Нархи: 25 000 сўм
Карбокситерапия
Стресс, нотўғри овқатланиш, турли хасталиклар сабаб сочлар ўз-ўзидан ўсишдан тўҳташи мумкин. Бу ҳолда карбокситерапия муолажаси айни муддао саналади. Махсус асбобнинг ингичка игнаси ёрдамида муаммоли терининг остига тиббий карбонат ангидрид гази юборилади. Қон айланиши яхшиланиб, соч илдизлари озиқланади. Ҳамда соч ўсиш жараёнини қайта тиклайди. Муолажанинг давомийлигини сочлар билан боғлиқ муаммонинг даражасига қараб шифокор белгилайди.
Нархи: 40 000 сўм.
Саодат Очилова тайёрлади.
Manba: www.SheJoT.CoM - Saytdan olindi!
|