 Назира тез-тез соатига қараб қўяр, юраги ховлиқарди. Кичкинтойлар эса боғча опасининг юз-кўзларидаги шошқинликни тушунмас, маза қилиб ўйнашар эди. Ота-оналар ҳам болаларининг кўнглига қараб: – Бўлди, энди чарчадиларинг, байрам тугади, уйга кета қолайлик, – демасди. Боғча ҳовлисида шарлар учади, мусиқа жаранглайди, болакайлар қийқиришади… "Ҳозир диплом ёқлаб чиқса… ҳамма дугоналарининг ота-оналари гулдасталар кўтариб кутиб туришган бўлса… Мадинам ўксиб қолармикан? Ахир, авваллари оддий имтиҳонларда ҳам гул кўтариб борардим… "Турмушга берди-ю, онам шундай шодиёна куним – диплом ёқлаганимда ҳам келмади”, деб кўнгли қабаради-да энди”… Бу хаёл Назирага тинчлик бермаётган бўлса-да, ишини ташлаб кета олмасди. Эрталаб эри: – Мадинага бора олармикансан? – деб сўраганида: – Албатта, болалар билан бирпас даранг-дурунг қилсак бас-да, кейин бўшман, – деганди. Бу гапидан сўнг эри ҳам бир дунё ишни режалаштиргандир. …Хуллас, болаларни тарқатгунча Назиранинг бир хаёли қизида бўлди. Ишини якунлагач, минг истиҳола билан қизига қўнғироқ қилди. Назарида, Мадина университет хиёбонининг бир бурчагида йиғлаб ўтиргандек эди. – Қизим… – Опажон… – Мадинанинг овозидаги жаранг Назиранинг гурсиллаб ураётган юрагига сал таскин берди. – Мени табрикланг, дипломимни "аъло”га ҳимоя қилдим. Устозимиз: – Ота-онангга раҳмат, қизим, – деди. Адажонимга етказиб қўйинг. – Ҳозир қаердасан? Бормоқчи эдим.. – Йўқ, йўқ, овора бўлманг, опажон. Ойижоним, дадажоним, куёвингиз ҳаммаси шу ерда… Сиз чарчагансиз… Ўзингизга қаранг. – Ҳа, шунақами? Қудаларимга салом де! Раҳмат айт уларга… Назира телефон тугмасини босди. "Улар боришибди…”, дея шивирлади, лекин кўзига "дув-дув” ёш келди. Ишдан қайтар экан, ичидаги ҳиссиётларни ўзи тушунмасди. "Хурсанд бўлишим керак, ёлғиз қолмабди. Тўйдан атиги бир ой ўтди. Бир ойда қадр топибди”, дерди-ю, ичида бир ўксиниш кезинар, азиз бир нарсасидан айрилгандек бўшашиб, дармонсизланар эди. Уйига келиб, Мадинанинг хонасига кирди. Диванига ўтириб, суянчиқларини силади. Яқиндагина қизини эрталаб уйғотгани кирарди: – Тур, қизим, ўқишга кеч қоласан, – дерди. Мадина юзига китобни ёпиб, сочлари тўзғиб ухлаб ётарди. – Яна… беш дақиқа, ойи, атиги беш дақиқа, – деб кўзини очолмасди. – Э, худойим, эрта-индин бировнинг эшигига борасан. Саҳар туриб, ҳовли супуришнинг, нонушта таёрлашинг керак. Бу ётишинг бўлса, икки ҳафтада олиб келиб ташлашади, – дея жиғибийрон бўлар, Мадина: – Ҳозир ухлаб олаверай-чи, ўшанда бир гап бўлар, – дея эркаланарди. Энди шу эркатой қизи.. бегоналарга қиз бўлдими? – Ҳа, опа, бунча бўшашиб ўтирибсиз? Қанча йиғлади, овунди, ўғли Умиджон ўқишдан қайтгач, унинг овозидан хаёл тўрлари узилди. – Опанг… – Ҳа, "аъло”га ёқлабди, табрикладим. – Бирров бориб келсакмикин, ҳар ҳолда, ҳаётида катта воқеа рўй берди. Атаганимиз бор эди, – деди Назира. – Э, нима қиласиз, ўз ҳолига қўйинг! Яқинда поччамнинг туғилган куни экан, борармиз, – деди Умиджон. "Йўқ, Мадина кутади. Шундай кунида онасини кутмаслиги мумкинми?” Назира ўғлининг "ҳай-ҳай”лашига қарамай, ошхонага кириб пишир-куйдирни бошлаб юборди. Ҳафсала билан қилинаётган тайёргарлик ниҳоясига етгач: – Умиджон, мени таксига кузатиб қўй! – деди. [ www.BePuL.NeT -Saytdan olindi.] – Опа, аввал қўнғироқ қилинг! – Нима, ўз қизимни йўқлашга ҳам рухсат сўрайманми? Сен бола роса дангаса бўлибсан, ўзим кетавераман бўлмаса! Назира шундай деди-ю, яна… қўнғироқ қилди. Мусиқа, шовқин… – Мадина, уйдамисизлар? – Йўқ, опа, куёвингиз билан ҳимоямни ювяпмиз. Ойижон, дадажонларим "Роса чарчадингиз, болам, аввал тўй, сўнг имтиҳонлар, ҳимоя, бир яйраб ўтиринглар”, дейишди… Мадина бақириб гапирар эди. – Майли, болам… яхши ўтиринглар! Назиранинг томоғига нимадир тиқилгандек бўлди. Ошхонанинг иссиғини энди сезгандек эди. Деразаларни очиб ташлади. – Ҳа, опа, юринг, кийиниб чиқдим, – деди Умиджон. – Бормас эканмиз… – Зўрға ўзини босиб гапирди Назира. – Кафеда экан поччанг билан… – Айтдим-ку сизга… Ёшларга шон-шарафлар… Ия, опа, сизга нима бўлди? Йиғлаяпсизми? Аразладингизми? Юринг, ўзим айлантириб келаман… Назира ўғлига суяниб баралла йиғлаб юборди. – Ана холос, ўзингиз "Тезроқ шу қизимни эгасига топшириб, тинсам эди”, дердингиз-ку. Энди эгасида тинса… қизғаняпсизми? Назира нима дейишини билмасди. Ўқитди, шу қиз учун елиб-югурди, ўзини унутди, энди шу экан-да… – Йўқ, борган жойида тинсин, ўшаларга юлдузини иссиқ кўрсатсин худойим… Мен… шунчаки… Назира "ҳиқ-ҳиқ”лаб зўрға гапирди. – Бу – бошқа гап, опа! Келинг, икковимиз маза қилиб овқатланамиз. "Бировнинг насибасини биров ея олмайди”, деган машойихлар. Пиширганингиз – ўзимизнинг насиба экан! Умиджоннинг овози уйни тўлдирди. Назира кўзида ёш билан жилмайди.
Manba: www.SheJoT.CoM - Saytdan olindi!
|