Ўзбекистондаги ижтимоий тармоқларда мавжуд экстремистик канал ва аккаунтлар рўйхати эълон қилинди. Бу ҳақда Адлия вазирлиги ахборот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, Олий суднинг ҳал қилув қарори билан ижтимоий тармоқлардаги айрим саҳифалар ва каналлар экстремистик деб топилган.
Қайд этилишича, «Экстремизмга қарши курашиш тўғрисида»ги қонуннинг 11-моддасига мувофиқ, Ўзбекистон ҳудудига олиб кирилаётган, тайёрланаётган, сақланаётган, тарқатилаётган ва намойиш этилаётган, оммавий ахборот воситаларида ёки телекоммуникация тармоқларида, шу жумладан, интернет жаҳон ахборот тармоғида тарқатилаётган ва намойиш этилаётган материаллар агар экстремистик фаолиятни амалга оширишга ошкора даъват қиладиган ёхуд шундай фаолиятни амалга ошириш зарурлигини асослаб берадиган ёки ошкора оқлайдиган, тарқатиш учун мўлжалланган бўлса, қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда суд томонидан экстремистик материаллар деб топилади ҳамда уларни олиб кириш, тайёрлаш, сақлаш, тарқатиш ва намойиш этиш, шунингдек, уларни оммавий ахборот воситаларида ёхуд телекоммуникация тармоқларида, шу жумладан, интернет жаҳон ахборот тармоғида тарқатиш ва намойиш этиш тақиқланади.
Таъкидланишича, юқоридагиларга асосан, Ўзбекистон Олий судининг 2021 йил 24 декабрдаги ҳал қилув қарорига кўра, ижтимоий тармоқларга жойланган бир қатор материаллар экстремистик материаллар деб топилган ҳамда ушбу материалларни Ўзбекистон ҳудудига олиб кириш, тарқатиш, намойиш этиш ҳамда сақлаш тақиқланган.
Тўлиқ рўйхат билан Адлия вазирлигининг расмий веб-сайти ҳамда Очиқ маълумотлар портали орқали танишиш мумкин.
Аввалроқ Ўзбекистонда диний-маърифий йўналишдаги сайт ва ижтимоий тармоқлар каналлари сони маълум қилинганди.